“Нефтчи” – “Бунёдкор” – 0:4 - Фарғона – “Бунёдкор” – 0:5 - Бу нимани англатади?

Сўнгги икки ҳафта ичида “Бунёдкор”нинг тўрт жамоаси расмий мусобақаларда Фарғонанинг “Нефтчи” клубига қарши майдонга чиқди. Аҳамиятлиси, сафарда тўп тепган бўлишига қарамасдан тошкентликларнинг барча жамоалари ғалаба қозонди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Дастлаб 11 апрель куни Ринат Мифтахутдинов мураббийлигидаги “Бунёдкор U-19” U-19 биринчилигининг 2-тури доирасида Фарғонада “Нефтчи U-19” меҳмони бўлди. Фарғоналиклар U-19 биринчилигининг 2021 йилги чемпиони ҳисобланади. Шундай бўлса-да, ўсмирларимиз мезбонлар дарвозасини тўрт бор ишғол қилиб, йирик ҳисобдаги ғалабани тантана қилди.

25 апрель куни Суперлиганинг 5-тури доирасида Яйпанда “Нефтчи” меҳмони бўлган асосий жамоа эса иродали ғалабани қўлга киритиб, мезбонлар дарвозасини 3 марта ишғол қилди ва ҳисоб – 1:3. Орадан бир кун ўтиб энди Ёшлар лигасининг 5-туридан ўрин олган “Нефтчи” – “Бунёдкор” ўйини бўлиб ўтди. Абдуҳамид Қодиров мураббийлигидаги ўринбосарлар бежиз мусобақа пешқадами бўлиб турмагинини исботлаб, фарғоналикларни йирик ҳисобда “таслим” этди – 0:3.

26 апрель куни тарихда илк бор ўтказилаётган футзал бўйича U-18 биринчилигининг гуруҳ босқичи 1-турида ҳам “Нефтчи” – “Бунёдкор” қарама-қаршилигига гувоҳ бўлдик. Қизиғи, Жиззахда бўлиб ўтган ўйинда норасмий мезбон сифатида фарғоналиклар қайд этилди. Асосийси эса бу баҳсда ҳам “қалдирғочлар” ғалаба нашидасини сурди – 2:4. Шу тариқа, “Нефтчи” – “Бунёдкор” учрашувларида умумий ҳисоб 0:4 кўринишини олди.

Шунингдек, 9 апрель куни 18 ёшгача бўлган жамоалар иштирокидаги ЎФА Биринчилигининг 5-тури доирасида Фарғонада меҳмон бўлган “Бунёдкор U-18” Фарғона вилояти академияси жамоасидан устун келди. Жамолиддин Раҳматуллаев шогирдлари ягона гол эвазига сафардан 3 очко билан қайтди. Натижада Фарғона – “Бунёдкор” қарама-қаршилигида ҳисоб 0:5га етди!

ЎФА БИРИНЧИЛИГИ
5-тур. 9 апрель
ФАРҒОНА ФММ – “БУНЁДКОР U-18” – 0:1

U-19 ЧЕМПИОНАТИ
2-тур. 11 апрель
“НЕФТЧИ” – “БУНЁДКОР” – 1:4

СУПЕРЛИГА
5-тур. 25 апрель
“НЕФТЧИ” – “БУНЁДКОР” – 1:3

ЁШЛАР ЛИГАСИ
5-тур. 26 апрель
“НЕФТЧИ” – “БУНЁДКОР” – 0:3

ФУТЗАЛ. U-18 ЧЕМПИОНАТИ
1-тур. 26 апрель
“НЕФТЧИ” – “БУНЁДКОР” – 2:4

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!