Нега Эронда қолгани, Терма жамоа ва “Кучли бешлик“ка йўл ҳақида Остон Ўрунов билан катта интервю!
Ўзбекистон терма жамоаси ва Эроннинг “Персеполис“ клуби футболчиси — Остон Ўрунов сайтимиз учун катта интервью берди. Унда, футболчи нега форслар юртида қолгани, терма жамоа ва ЖЧ саралашидаги имкониятларимиз ҳақида фикр билдириб ўтди.
— Яқинда Персеполис билан шартномангизни узайтирдингиз. Сизда бошқа вариантлар ҳам бормиди?
Тўғриси, вариантлар кўп эди. Хориж ва араб клубларидан таклифлар келиб тушди, аммо “Персаполис“да қолишни афзал кўрдим. Бу ерда, спорт формамни тиклаб олдим ва ўсишга эришдим. Жисмоний ҳолатимни ҳам яхшилаб боряпман. Бу ерда ўзимни яхши ҳис қиляпман. Терма жамоамизнинг ЖЧ саралашидаги энг муҳим ўйинлари олдидан таваккал қилишни истамадим.
— Умуман Эрон чемпионатининг Ўзбекистон Суперлигасидан фарқлари ва ўхшаш жиҳатлари ҳақида гапириб ўтсангиз. Умуман майдонлар, мухлислар ҳақида. Адашмасам бу мавсумда Эронда ВАР ҳам қўлланилмоқда.
Ҳа, Эронда футбол доим биринчи рақамли спорт тури бўлган. Майдондаги атмосфера ҳақида ортиқча таъриф беришнинг менимча ҳожати йўқ. Ўтган мавсумда олтин медальлар учун пойга сўнгги турнинг сўнгги дақиқаларига қадар кечганини кўрдингиз. Эрон ва Ўзбекистон футболи ўртасидаги фарқ катта эмас, аммо сезиларли бор. Фарқли томони, бу ерда футбол жисмоний кучга таянади. Бизда кўпроқ техникага. Бугун замонавий футбол барибир атлетизмни талаб этмоқда. Шу боис, Эрон терма жамоаси бир неча йиллардан бери Осиёда энг кучлиларидан бири ҳисобланади. ЖЧ саралашларидаги муваффақият сири ҳам шунда аслида.
— Яқинда жароҳатдан қайтиб, Эрон чемпионатини яна ёндиришга киришдингиз. Сизни келажакда топ-5 чемпионатда ўйнашингиз айтилган эди. Нега сизни ҳамон топ лигаларда кўрмаяпмиз?
Албатта, ҳали кеч эмас. Мен футболчи сифатида жуда оғир кризисни енгиб ўтдим. Ҳатто, ҳаммасини йиғиштириб 22 ёшимда бутсани михга ҳам илиш ҳақида ўйлаб қолган пайтим бўлди. РПЛ клубидаги воқеалар, оғир жароҳат мени руҳан анча қийин аҳволда қолдирган эди. Яратганга шукр, ҳаммасини енгиб ўтдим. Бунда менга ёрдам берган барчага ташаккур билдираман. “ТОП 5” чемпионатларига ҳали эшиклар ёпилгани йўқ. Жуда кўплаб Эронлик футболчилар айнан маҳаллий биринчиликдаги ўйинлари билан Европага йўл олишади. Мен ҳам, “Перополис“ сафида ўзимни кўрсатиб, бу ишни такрорламоқчиман.
— Ўтган мавсумда Истиқлолни ортда қолдириб, жамоа чемпион бўлди. Бу мавсумдаги клубнинг режалар қандай?
“Персполис“ ўзи иштирок этадиган деярли барча мусобақаларда ғалаба учун тўп суради. Бу ерда чемпионатнинг қадри баланд. Шунингдек, Элит Лигада ҳам имкониятларимизни сақлаб қолганмиз. Жамоа таркиби кучайтирилмоқда. Барча фронтда ғолиблик учун ҳаракат қиламиз.
— Эрон термаси таркибида ҳаракат қилаётган жамоадошингиз Канони билан ижтимоий тармоқларда ҳазиллашиб турасиз. Бу ҳақда гапириб берсангиз?
мен жамоага энди келган пайтларим биринчилардан бўлиб дўстона муносабат билдирганлардан. Уни ҳурмат қиламан. Яхши йигит. Машғулотларда кўп ҳазил-ҳузул қилади. Жамоанинг кайфиятини белгилаб берадиган футболчилардан бири. Мен ҳам, унга ҳазил қилиб тураман. Қувноқ йигит. Шунга қарамай, терма жамоаларимиз тўқнаш келганда у ҳам, мен ҳам барчасини унутиб, майдонда жанг қиламиз.
— “Персеполис“да яқинда мураббий алмашди? Жамоани чемпион қилган Хуан Карлос Гарридо кетди.
Афсуски, жамоа натижалари ёмонлашганда доим зарбани мураббийлар қабул қилади. Бу футболни ёзилмаган қонунларидан бири. Ҳозир, янги мураббий қўл остида вазиятни ўнглашга ҳаракат қиляпмиз. Афсуски, “Сепахон“ билан суперкубокда омад биздан юз ўгирди. Агар совринга эга чиққанимизда, бу ижобий импульс берган бўлар эди.
— Жалолиддин Машарипов ва Ўткир Юсупов билан тез-тез кўришиб турасизларми?
Ҳа, имкон қадар кўришиб турамиз, аммо бу ерда футболчилардан профессионализм талаб этилади. Ҳар жабҳада. Улар ҳам машғулотларда тер тўкиб ишлашади. Бизда бўш вақт кам. Бундан анча аввал, Теҳрондаги ресторанлардан бирида Жалолиддин Машарипов билан бирга ўтирган пайтимиз эронлик ишқибозлар келиб, принципиал рақиб аъзолари бундай бирга ўтирмаслиги кераклигини айтиб эътироз билдирган эди. Мана шу воқеадан ҳам, бу ерда футболга нисбатан муносабат қандай даражада эканлигини билишингиз мумкин.
- Март ойида бизни иккита муҳим учрашув кутиб турибди. Иккинчи тўқнашувда Эрон билан ўйнаймиз. Бу баҳс биз учун ҳаёт-мамот жанги бўлиши табиий. Теҳронда Эронни юта оламизми?
Футболда имконсиз ишнинг ўзи йўқ. ЖЧ саралашидаги ўйинларни ҳар бири биз учун муҳим. Насиб қилса, ортга ёруғ юз билан қайтишга ҳаракат қиламиз. Биз учун нафақат Теҳрондаги, балки бошқа терма жамоалар билан ўйинлар ҳам ҳаёт-мамот даражасида. Уларда ҳам 3 очко учун жанг қиламиз.
- Маълумки, гуруҳда Эрон термаси етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўрин учун бизга асосий рақиб Қатарми ёки БАА?
Мен иккала терма жамоани ҳам бирдек рақиб хавф туғдиради деб ҳисоблайман. Иккиси билан ҳам ўзаро ўйинларимиз қолган. Иккиси ҳам ўта муҳим. БАА билан меҳмонда тўқнаш келсак, Қатар сўнгги турда Тошкентга келади. Жуда мураккаб ўйинлар. Мен, уларни имкониятини тенг баҳолайман. Насиб қилса, улар 3-4 ўринда қолишади. 1 ва 2-ўринларни Эрон билан бўлишиб оламиз.
-Терма жамоа бош мураббийи кетма-кет йиғинларда иштирок этмади. Унинг йиғинларда қатнашмаслиги жамоага қанчалик таъсир қилади?
Барчаси унинг соғлиғидаги муаммолар билан боғлиқ. Йигитлар, Сречко Катанецни яхши билади ва бир неча йиллар давомида бирга ишладик. Биз жуда муҳим паллада таваккал қилмаслигимиз керак деб ҳисоблайман. Мураббий бўлмаса ҳам, унинг ўйин фалсафаси ва биздан нимани исташини яхши биламиз. Уни йўқ эканлиги сезилади, аммо жамоамиз биргаликда ҳаракат қилса истаган натижамизни қайд этишимизга ишонаман.
- Яқинда терма жамоадаги укангиз ва шеригингиз Абдуқодир Ҳусанов АПЛга кўчиб ўтди. Бу ҳақида фикрингиз қандай?
Абдуқодир жуда ҳам иқтидорли йигит. Ёш бўлишига қарамай, қисқа фурсатда жуда катта ҳажмдаги ишни амалга оширди. Унга, АПЛда омад тилайман. Жароҳатлардан ўзи асрасин. Насиб қилса, Гвардиоланинг ишонган футболчисига айланади.
Ойбек Йўлдошев сухбатлашди
Фикрлар