Нега футбочиларимиз 70 дақиқада чарчаб қолади? МТЖ собиқ шифокори Аброр Пирриев жавоб берди!

Аброр Пирриев SPORTS.uz сайтига эксклюзив интервью берди. Ушбу суҳбатда ўзбек футболчиларнинг жисмоний тайёргарликка қай даражада эътибор бериши, витаминизация, клублардаги спорт тиббиётининг қандай аҳволда эканлиги ҳақида сўз боради.

Сиз клуб ва миллий терма жамоада ишлагансиз. Кўплаб футболчилар билан яқин дўстсиз. Соддароқ қилиб айтсак, уни ичкарисидан яхши биласиз. Айтингчи, бугунги авлод футболчиларининг неча фоизи ўз жисмоний тайёргарлиги борасида бош қотиради?

- Мен барча футболчилар ҳақида фикр билдира олмайман, бироқ ўзимизнинг клублар миқёсида олсак, 70 фоиз футболчи йиғинларга суяниб, жисмоний тайёргарлигини ушлаб туради. Уларда йиғин чоғида формага кириб оламан, деган фикр мавжуд. Аслида, бу нотўғри. Профессионал футболчи биринчи навбатда, вақтида ухлаши, тўғри овқатланиши, қатъий кун тартибига риоя қилиши шарт.

Мухлислар орасида витаминизация борасидаги турли фаразлар юради. Аслида, у нима ва унинг футболчи организми учун қандай фойдаси бор?

- Тўғриси, мана шу мавзу борасида жуда кўплаб саволларга келиб тушади. Аслида, витаминизация нима? Бу организмга етмаётган моддаларни табиий қўшимчалар ёрдамида тўлдириш. Умуман олганда, спортчи биргина витамин истеъмол қилиш билан кучли бўлиб қолмайди. Барчаси комплекс тарзида олиб борилиши шарт. Юқорида айтганимдек, спортчи ўз устида ишлаши, кун тартибидан чиқмаслиги шарт. Биз жаннатмакон ўлкада истиқомат қиламиз. Бу ерда организм учун керак бўлган барча моддалар табиий равишда мавжуд. Шунчаки, мавсумий мева ва сабзавотларни керакли миқдорда истеъмол қилиш керак, холос. Витаминларнинг 50 фоизи ҳам организмга сингмайди. Баъзан, умуман таъсир қилмаслиги мумкин. Табиий маҳсулотларнинг 92 фоизи организмда қолади. Ўртадаги фарқни кўряпсизми?

Эктор Купер даврида МТЖ учун витаминлар партияси буюртма берилди. Улар орасидаги энг қиммати эътиборимни тортди, унинг таркиби билан қизиқдим. Купернинг штабидаги бир мутахассисдан сўрадим ҳам. Биласизми, у нимадан тайёрланар экан? Лавлагидан! Ваҳоланки, бу сабзавот бизнинг юртимиздаги энг арзон маҳсулотлардан бири саналади. Тўғри, витаминизациядан воз кечиб бўлмайди, аммо спортчи биргина бу омил билан ўз соғлиғини мукаммал даражага олиб чиқа олмайди. 

abror2

Аброр Пирриев бундан 10 йил аввалги ЖЧ саралашида ҳаракат қилган жамоа таркибида бор эди. Ёдингизда бўлса, терма жамоанинг 70-80 фоиз футболчилари бўйи 180 сантиметр атрофида бўлган. Ҳозир эса, футболчиларимизнинг бўйи негадир пасайиб кетмоқда. Бу нима билан боғлиқ? Футболда кичик жуссали техникаси кучли футболчилар қадрланяптими ёки бизнинг футболчиларнинг ўртача бўй баландлиги кичрайдими?

- Бу саволга жавоб беришим учун ортга қайтишимга тўғри келади. Гап шундаки, бизнинг ички биринчилигимиз жуда ноқулай пайтда бўлади. Ўйинларни куз-баҳор режимига ўтказсак, футболимиз жисмонан ўсиши мумкин. Нега дейсизми? Гап шундаки, бизнинг иқлимда ёз жуда иссиқ келади. Куннинг энг иссиқ палласида футбол ўйнагач, унинг организмидаги минерал тузлар, витаминлар, энергия тер бўлиб танани тарк этади. Учрашув ва машғулотлардан сўнг футболчида иштаҳа бўлмайди. Шу боис, йўқотилган керакли моддаларнинг ўрни тўлмайди. Бу эса, уларнинг жисмонан бақувват бўлишига салбий таъсир кўрсатади. Тўғри, фақат бу омил футболимиздаги йигитларнинг бўйига таъсир кўрсатмайди. Генетика, тўғри овқатланиш, режим сингари омиллар ҳам катта саҳнага чиқади.

Сўнгги пайтларда терма жамоамизнинг руҳий жиҳатдан Сурия, Ироқ, Иордания ва ҳатто, Фаластиндан ҳам енгилиб қолаётганига гувоҳ бўляпмиз. Корея, Австралиялар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Нима деб ўйлайсиз, руҳий жиҳатдан терма жамоамиз билан ишлайдиган кучли психолог йўллаш пайти келмадими?

- Ўзбекистонда спорт психологи борми? Менимча, бу соҳада терма жамоамизга 100 фоиз ёрдам бера оладиган мутахассиснинг ўзи йўқ. Ўйлашимча, биринчи навбатда терма жамоа бош мураббийи жамоа психологи бўлиши шарт. Сабаби, ҳеч ким футболни у сингари яхши тушунмайди. Бундай одам қандай қилиб майдонда тўп сурадиган йигитларни руҳлантириши мумкин?

Ёдимда, бор Австралиядаги Осиё кубогида Саудия Арабистони билан тўқнаш келгандик. Ўша учрашувда бизни фақат ғалаба қаноатлантирар эди. Ўйиндан олдин Миржалол ака Қосимов айтган сўзлар ҳали-ҳамон қулоғим остида жаранглаб туради. Бундай мотивацияни ўша пайтда футболчиларимизга бош мураббийдан бошқа ҳеч ким бера олмасди. Ўйлашимча, кучли мураббий биринчи навбатда кучли психолог бўлади. Терма жамоага балки руҳшунос керакдир, аммо у бош мураббийдан таъсир доираси кучлироқ бўлишига ишонмайман.

ОФК тиббий ходими сифатида турли мамлакатларда бўласиз. Айтингчи, улардаги спорт тиббиёти бизникидан анча илгарилаб кетганми?

- Бу вазиятга қандай кўз билан қарашга боғлиқ. Аслида, ўртадаги фарқ у қадар катта эмас. Уларнинг шифокори амалга оширган барча ишни бизникилар ҳам қила олади, бироқ тиббий таъминот ва унинг тўлиқ татбиқ қилиниши борасида фарқ катта. Уларда нафақат бош мураббий, балки бу соҳа вакиллари ҳам хориждан таклиф этилади. Махсус ўйланган режа асосида ҳаракат қилингани боис, уларнинг спорт тиббиёти ходимлари яхшироқ натижаларга эришаётган бўлса, ажаб эмас.Ижтимоий тармоқларда ўз шогирдларига "чоп", "синдир", "ур" сингари кўрсатмалар берадиган

Суперлигамиз мураббийларини кескин қоралаган эдингиз. Сиз шундай мутахассисларни профессионал, деб айта оласизми?

- Албатта, йўқ. Аслида, бундай кўрсатма беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳатто, мураббий кийиниш хонасида футболчилари билан ёлғиз қолган пайтда ҳам! Майдонда бундай сўзни айтиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Мен фаолиятим давомида ҳали бирорта мураббийни рақиб футболчисини атайин синдиришни "буюртма" берганини кўрмаганман. Ўйинда эса, эмоцияда бу сўзни айтиб юбориши мумкин.

Я . У

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Узбек легионер
30/11/2021 21:08
Соглом болалар соглом футболистлар уйнасин Супер лигада. Парниковский футболистлар хам. Сохибжамол ва еттита гном.....
Baxil Alihuja
30/11/2021 21:51
Футболчиларни жисмоний холати ва имкониятларини курсатиб борилса, хар томонлама лойик футболчилар уйнар эди.