Немисча аниқлик ёки испанча жозиба (превью)

Германия - Испания! Нима ёдингизга келмоқда? Пуйолнинг бош билан урган голими ёки Торреснинг юқори тезликла ҳимоячини ортда қолдиришими?! Германия футболи ихлосмандларидан узр сўраймиз. Юқорида фақат испанлар муваффақиятини ёдга олдик. Сабаби, расмий ўйинларда олмонлар Испания устидан сўнгги ғалабани 1988 йилги Европа биринчилигида қўлга киритган. 

Аслида, ушбу икки жамоа расмий мусобақаларда нисбатан камроқ тўқнаш келади. Асалнинг ҳам ози ширин бўлганидек, ушбу қарама-қаршилик доимо дунё футбол жамоатчилигининг жиддий эътиборида бўлган. постер

Сўнгги икки расмий беллашувда “қизил фурия”нинг кичик ҳисобдаги ғалабалари барчанинг эсида. Қандай қилиб унутиш мумкин: бири “ЕВРО-2008” финали, бири “ЖЧ-2010” ярим финали бўлса! Аммо ўша беллашув тақдирини ҳал қилган энг катта номлар бугун футбол фахрийсига айланиб улгурган. Торрес, Пуйол, Швайнштагер, Клозе, Лам, Хави ва ҳоказо. 

Демакки, бугун бошқача ўйин бўлади. Айни пайтда ҳар икки жамоада анчагина катта ўзгаришлар бор.

постер 2

Германия

Сане яна Лёв эътиборига тушди. Жаҳон чемпионатига уни олиб кетмагани туфайли аёвсиз танқидларга учраган Йоахим аксига олгандек, гуруҳ босқичидан чиқа олмаганди. Бугун немислардан барча хавотирга тушиб қолган. Чунки, клублар миқёсида улар ажойиб футбол намойиш этишди. Тўғри бу терма жамоа, лекин бош мураббий йиғиб олган футболчиларнинг аксарияти айнан “Бавария” футболчилари. Уларга алоҳида миллий жамоа услубиятини тушунтириш ҳам керак эмас. Боиси, мюнхенликларни айнан Лёвнинг шогирди бошқармоқда. 

Тахминий таркиб: Трапп, Госенс, Гинтер, Зюле, Керер, Кросс, Жан, Гюндоган, Сане, Хаверц, Вернер.

Немис таркиб

Испания

“Қизил фурия”га нисбатан оптимал таркиб жалб қилинган. Испанлар таркибини кўрганимизда доим ўзгача истеъдод эгаларини учратамиз. Испания номи романтик, техник имкониятларга катта эътибор қаратадиган жамоани англатадигандек туюлади. 

Бугун Луис Энрике жамоаси олдингидек тажрибали футболчиларга бой эмас. Пиреней яриморолидан “Мерседес-Бенц” аренага етиб келадиган жамоада ёш иқтидор эгалари кўпчиликни ташкил этади. Бир тарафдан, бу ҳам тўғри. Миллатлар Лигаси ҳозирча у қадар катта мавқега эга эмас. Мана шундай ўйинлар орқали ёш футболчиларнинг тажрибаси ошиб бориши мумкин.

Тахминий таркиб: Де Хеа, Карвахаль, Рамос, Льоренте, Гайа, Фабиан Руиз, Тьяго, Ольмо, Родриго, Морено, Ферран Торрес.

Испания таркиб

Мураббийлар

Йоахим Лёв: “Госенс эртага аниқ майдонга тушади. Трапп дарвозани қўриқлайди. Зюле ва Санени ҳам асосий таркибда майдонга ташлашни режалаштирмоқдаман. Мен орқа чизиқдаги 3 футболчидан хавотирда эмасман. Биз ҳимояда 3 киши бўлиб ўйнашимиз ҳам мумкин”.

Лёв

Луис Энрике: “Германия кучли ва топ классли футболчиларга бой. Улар келгуси йилги қитъа биринчилигининг фаворитларидан бири. Аммо биз ўз футболимиз орқали ғалаба қозонмоқчимиз. Мен Миллатлар Лигасида ўйнашни яхши кўраман. Терма жамоада ишлаш ёқимли. Биз кўпроқ ғалабалар ва титулларни қўлга киритиш ниятидамиз”.

Энрике

Хулоса ўрнида

Лёвнинг бу қадар очиқчасига ўз режаларини очиб ташлаётгани шубҳали. У ниманидир режалаштираётгани аниқ. Чунки, ҳеч қаерда ўйиндан аввалги матбуот анжуманида мураббий эртанги таркибини очиқ ойдин гапириб бермайди. Энрике эса одатий босиқ нутқ тақдим этди. 

Германия ўз кучига ҳаддан зиёд ишониб юбориши ўзига зарар келтириб қўйиши мумкин. Аммо, дарҳақиқат, улар ўйин фаворити. Биринчи бўлиб гол уриб олган тақдирда, немислар катта устунликка эришади. 

Реал

Испанлардан эса ҳар доим ҳар нарсани кутиш мумкин. 

Бугунги учрашув ҳақида тахмин қилишни турнир мавқейининг мавҳумлиги ҳам оғирлаштиради. Ғолиб 10 млн евродан ортиқроқ маблағга эга бўлиши ва жаҳон чемпионатининг қўшимча йўлланмаларининг ўртага тикилиши мусобақага нисбатан қизиқишни оширмоқда. Аммо УЕФА, даставвал ушбу турнирни ўртоқлик ўйинлари ўрнига ўтказишга қарор қилганди.

Барчаси, жамоаларнинг ушбу мусобақага қандай ёндашишига боғлиқ бўлиб қолди. 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!