Неймар энди жанжал қилмайди
ПСЖ ҳужумчиси Неймар ўзини тутиш борасида катта ўзгариш қилди ва бу Қатардаги жаҳон чемпионати яқинлашиб келаётгани билан боғлиқ, деб хабар тарқатди L'Equipe нашри.
Манбанинг таъкидлашича, бразилиялик юлдуз клуб раҳбарияти билан зиддиятга боришдан воз кечган ва эътиборини фақат футболга қаратяпти. Авваллари Неймар мутасаддиларга жуда кўп муаммо келтирарди.
Қатардаги мундиалда Бразилия терма жамоасининг муваффақияти кўп жиҳатдан Неймарга боғлиқ. Буни яхши ҳис қилган 30 ёшли футболчи ўзини майдонда ва ундан ташқарида хотиржам тутишга, ўз вазифасига масъулият билан ёндашишга ҳаракат қилмоқда.
2017 йилдан бери ПСЖда ўйнаётган футболчи бу мавсум анча самарали ҳаракат қилмоқда. Статистика ҳам шундан далолат бермоқда. Неймар барча турнирларда 17 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига 13 та гол ва 10 та ассист ёздириб қўйди.
Фикрлар