Ҳусановдан бошқаси ҳам бор! Скаутларга мундиалда ўзбек футболчисига эътибор қаратишни тавсия қилишди
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган навбатдаги жаҳон чемпионати тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Янги ва кенгайтирилган форматда 48 та терма жамоа қатанашаётган мундиалда дунё футболидаги энг катта юлдузлар билан бир қаторда, ҳали оммага унча таниш бўлмаган, аммо тез орада ном қозониши кутилган ўйинчилар ҳам майдонга чиқади.
Кўплаб футболчилар учун бу мусобақа ўз маҳоратларини бутун дунёга намойиш этиш, катта трансферга йўл очиш имконияти. Скаутлар ва клуб раҳбарлари келгуси юлдузларни излаб, Шимолий Америкага оқиб келмоқда.
Таниқли спорт журналисти Том Колломоссе мундиалда қатнашиш учун келган, бироқ ҳали барчага таниш бўлмаган, аммо яқин орада номлари кўп тилга олинадиган 32 нафар футболчини ажратиб олди.
Ушбу рўйхатда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Истанбул Башакшеҳир” клуби ҳужумкор футболчиси Аббосбек Файзуллаев ҳам бор.
- Деярли ҳар бир мамлакатда “Месси” лақабини олган футболчи топилади. Айрим ҳолларда бу таққослаш ортиқча бўлиши мумкин, аммо барибир бундай ном атрофида доим қизиқиш катта бўлади. Ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиққан Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги Аббосбек Файзуллаев бу таърифдан қочмаяпти, аммо унга маҳкам боғланиб қолишни ҳам истамайди.
Ҳужум чизиғининг исталган нуқтасида ўйнай оладиган Файзуллаев 2025 йил ёзида Россиянинг ЦСКА клубидан Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” жамоасига ўтди. 22 ёшли футболчи Туркия чемпионатида 4 гол ва 7 ассист қайд этди.
Файзуллаев миллий терма жамоа сафида 32 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозвсини саккиз маротаба ишғол қилган.
Ўзбекистон ва Россия футболида уни “ўзбек Месси” деб аташ одатга айланган. Файзуллаев буни ўзига шараф, деб билади, бироқ шу билан бирга ўз йўлини ўзи босиб ўтишни, Мессига таққослашлардан ташқарида ҳам ўз номини мустаҳкамлашни исташини таъкидлаган.
Келажакда уни нима кутяпти? Агар “Башакшеҳир” таркибидаги ўйинини шу тарзда давом эттирса, унга Туркиянинг етакчи клублари – “Галатасарой” ёки “Фенербаҳче”дан таклиф тушиши эҳтимолдан холи эмас.
Айни пайтда Аббосбек Файзуллаев жаҳон чемпионатида ҳам ўз номини бутун дунёга танитишни мақсад қиляпти, - деб ёзди Том Колломоссе.

Фикрлар