Неймарнинг кўзлари яна ёш. Унга мухлислар жиддий айб юкламоқда!
Неймар фаолияти давомида қўпол ҳимоячилардан жуда кўп озор чекди. Баъзан ўз финтлари билан рақибларнинг асабига теккан бўлса, айрим ҳолатларда тасодиф сабабли, оғир жароҳат орттириб олади.
Яқиндагина Франция кубогининг 1/32 босқичида «Канн»га қарши ўйинда ПСЖ ғалаба қозонди, аммо бу ҳеч кимга татимади. Жамоа етакчиси Неймар яна номаълум муддатга сафдан чиқди.
Жанжал
Учрашув якунлангач, «Канн» устози Паскал Дюпра воқеага қуйидагича изоҳ берди:«Мен йиғламоқчи эмасман. Ўрнимга Неймар йиғлайди».
Шу йўсинда, мураббий бир неча йиллардан бери Неймарни танқид қилиб келаётганлар қаторидан ўрин эгаллади. Неймарни мухлисларнинг катта қисми кескин танқид қилишга ўтиб кетган. Ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилиш ва мақтанчоқлик сабабли унинг "hater"и жуда кўп.
Мисол учун «Марсель» клуби расмий дўконларига кириш учун Неймарнинг футболкасини босиб ўтиш лозим. Клуб мухлислари дўконга киришдан аввал, оёқ киймини айнан бразилиялик футболчининг номи туширилган футболкага артишни одат қилган.
Неймар Жуниорнинг жароҳати жиддий эканлигини маълум қилингач, «Канн» устози яна фикр билдирди:
«Неймар ажойиб футболчи. Супер техника эгаси. Унинг дриблинги аъло даражада. Боз устига, у рақибларини хижолат қилиб, алдаб ўтишни севади. Шундай экан, у қаршисида футболчи борлигини унутмаслиги лозим. Бу футбол ва унда тўқнашувлар содир бўлади. Агар рақиб дриблингга ортиқча урғу берса, йигитларимиз дарров жавоб қайтаради. Мен ўз футболчиларим қоида доирасида футбол намойиш этди, деб ҳисоблайман».
Неймардан жавоб
Неймар ижтимоий тармоқлардаги кескин танқидларга жавоб қайтаришга қарор қилди. У ўз "Инстаграм" саҳифасида каттагина пост қолдирди:
«Баъзан ўз ўйин услубим сабабли ноқулайлик сезаман. Рақибларни алдаб ўтмоқчи бўлганим учун, кўпинча, улар оёқларимга қаттиқ зарба беради. Муаммо мендами ёки менинг майдондаги ҳаракатимдами?! Тўғриси, атрофимдагиларни мен ҳақимда билдирган фикрлари хафа қилади. «Йиғлоқи», «ўспирин», «симуляция», «эркатой» ва яна бошқа сўзлардан нафратланаман. Очиғи, бундай босимдан чарчадим. Яна қанча дош беришим мумкинлигини билмайман. Мен шунчаки футболдан лаззат олишни истайман. Бундан ортиғи керак эмас». Ҳужумчи шу йўсинда ўзига билдирилаётган кескин фикрларга муносабат билдирди.Жамоа бош мураббийи Маурисио Почеттино воқеага ойдинлик киритишга уринди:
«Очиғи, Неймар ўзини тикланиш жараёнини ўтказиш мақсадида Бразилияга қўйиб юборишимни сўраса керак. Барчаси шифокорлар берган хулосаларга боғлиқ. Баъзан, футболчиларни ҳимоя қилиш мақсадида шундай йўл тутиш керак. Ана шунда улар тезроқ тикланади ва яна жамоа сафига келиб қўшилади. Умид қиламанки, у «Барселона»га қарши жавоб учрашувида бизга ёрдам бера олади. Тўғриси, Неймар катта ўйинларда ўзини яхши ҳис этади. Афсуски, муҳим баҳсда у бизга ёрдам бера олмайди. Шунга қарамай, мен оптимистман. Клубнинг имкониятларини юқори баҳолашда давом этаман».
Мухлисларнинг фикри ўзгача?!
Кўплаб футбол ишқибозлари бразилиялик футболчининг жароҳати орқасида бошқа нарса яширин деб ҳисобламоқда. Мавсумнинг бу қисмида Неймар Испанияда ҳам ҳеч қачон майдонга тушмаган. Ортиқча сариқ карточка ёки кичик жароҳат сабабли сафдан тушиб қолган. Маълумотларга қараганда, у опасининг туғилган куни арафасидаги ўйинларда иштирок этмасликка одатланган.
Бу сафар унинг таркибдан чиқиши клубга муаммо туғдиради. ПСЖ «Камп Ноу»да Неймарсиз тўп суришга мажбур. Бундай принципиал ўйинни атайин ўтказиб юбориш мумкинлигига ишониб бўлмайди, аммо француз нашрлари бу борада клуб ва футболчи ўртасида келишув бор эканлиги ҳақида хабар бермоқда. Унга кўра, клуб туғилган кунларда Неймарни қўйиб юбориши лозим.
Клубнинг "Твиттер"даги рамий саҳифасида мухлислар билдираётган фикрлар кишини ўйлантириб қўймоқда.
«Неймар ҳар йили шу кунларда жароҳат олади. Эътибор берсангиз, у туғилган кун ёки карнавалга етиб бориш учун атайин сафдан чиқади. Қараб туринг, ҳадемай уни Бразилиядаги шифокори ҳузурига жўнатиб юборишади».
«Бу ҳеч қандай жароҳат эмас. Наҳотки ҳали ҳам тушунмадинглар?! 4 ҳафтадан сўнг, у опасининг туғилган кунини нишонламоқчи. Қараб туринг, у яна Бразилияга учиб кетади».
«Неймар ўзи истаган пайтда клубни тарк этишга ҳақли. Бу шартномада ҳам кўрсатилган. Бўлмаса, бу воқеа ҳар йили такрорланавермаслиги керак эди».
«Бизни янги асрдаги энг кучсиз «Барселона»дан учраладиган мағлубиятлар кутиб турибди. Жуда омадсиз клубмиз. Бу кетишда ҳеч қандай соврин ютмаслигимиз аниқ».
Фикрлар