Никола Лазаревич: "Бу биз кутган ўйин бўлди"
Янгиланган “Қизилқум” жамоаси Суперлиганинг дастлабки турида “Локомотив”га қарши баҳсдаёқ ғалаба қозониб, ўз ҳисобида илк уч очкони ёздириб қўйди.
Қолаверса, “Қизилқум”нинг янги бош мураббийи Никола Лазаревич учун ҳам дебютини ғалаба билан бошлаб олиш муҳим эди. Ўйиндан кейин ушбу мутахассис Sports.uz мухбирига таассуротлари ҳақида гапирди.
“Ҳа, албатта, бугунги ўйин кучли темп остида ўтди. Айтишим керакки, бу биз кутган ўйин бўлди. “Локомотив”нинг таркиби ўтган йилгига нисбатан ўзгарган. Лекин ушбу баҳсда бизга қийин бўлади, деб ўйлагандик. Йигитлар эса айнан шунга олдиндан тайёргарлик кўришган.
Ўйлайманки, биринчи бўлимда ташаббус бизда бўлди, ўйинни назорат қилдик. Гол уришимиз керак эди, бундай бўлмади. Иккинчи бўлимда эса рақиб жиддийроқ қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди. Аммо биз ҳам уларга имкон бермасликка уриндик. “Локомотив”нинг ўйинини таҳлил қилиб чиққандик. Ўйлайманки, ўз вазифамизни ортиқча хатоларсиз бажардик.
“Локомотив” жамоасига кейинги учрашувларда омад тилайман. Бу йилги Ўзбекистон чемпионати жуда шиддатли ўтади. Ҳамма ғалаба қозониши мумкин. Шунинг учун биз бундан кейин ҳам жиддий тайёргарлик кўришда давом этамиз”.
Фикрлар