Нима учун Исроил Мадримов жангида очколар ҳисобланмади? Энди даъвогарлик мақоми тақдири нима бўлади?

9 июль куни Англиянинг Лондон шаҳрида жойлашган "О2" аренасида Matchroom промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилган профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтди. Мазкур оқшомда супер ярим ўрта вазн тоифасида жанглар олиб борувчи ҳамюртимиз Исроил Мадримов франциялик Мишель Сорога қарши WBА Eliminator жангини ўтказди. Бу улар ўртасидаги иккинчи тўқнашув эди.

Келинг воқеликни бошига қайтамиз

2021 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтди. Асосий жангда айнан Мадримов ва Соро WBА йўналишида якуний элиминатор мақомидаги жангда рингга кўтарилди. Жангнинг 9-раунди давом этаётган бир вақтда, Мадримов Сорони кучли зарбалар билан сийлай бошлаган вазиятда раунд якунланганини билдирувчи гонг чалинганини на рефери ва на Мадримов эшитди. Оқибатда, баҳс яна бир неча сония давом этиб, ҳакам томонидан Соронинг пассив ҳимояга киргани сабабли тўхтатилди ва техник нокаут қайд этилди. Албатта, гонг чалинганидан сўнг берилган зарбалар сабаб, Соронинг жамоаси ташкилотга шикоят киритган ҳолда иккинчи жангга буйруқ берилишига эришди.

Реванш ҳам ғолибни аниқлаб бермади

Улар ўртасидаги иккинчи ва ҳал қилувчи бўлиши кутилган жангда ҳам ғолиб номи аниқланмай қолди. Дастлабки икки раундда Исроил Мадримов рақибга нисбатан ҳар томонлама устунлик қилди ва ўзгача жанг кўрсатди. Бу сафар унда ортиқча оёқ ҳаракатлари кузатилмади ва танага йўналтирилган жеб зарбаларидан ҳам жуда унумли фойдаланаётган эди. Иккинчи раундда Соро кучли зарбалар ўтказиб юбориб, фақат ҳимояда ҳаракат қилди. Афсуски, учинчи раунднинг илк сонияларида бошлар тўқнашуви содир бўлди ва Соро қошидан жароҳат олди. Шифокор эса жангни давом эттиришга рухсат бермади ва натижа "техник дуранг" дея эълон қилинди.

Detailed view of the cut of Michel Soro after the fight is called a no contest during the Matchroom fight night at The O2 Arena on July 09, 2022 in...

Нима учун техник дуранг?

Ҳаваскор бокс жангларида қайсидир боксчи жароҳат олса ҳамда жанг давом эттирилмаса, ўша вақтга қадар устунлик қайси томонда бўлганлигига қараб ғолиб аниқланади. Профессионал боксда эса бу бироз бошқачароқ. Яъни, жанг камида 4-раунддан ўтган бўлиши керак. Агар 4-раунддан кейинги раундларда шифокор томонидан жанг давом эттирилмайди, деб топилсагина очколар ҳисоби инобатга олинади. 4 раундгача бўлган вақтдаги тўҳталишда эса баҳсда ғолиб элон қилинмайди. Бундай ҳолатларда, Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтган жанглар натижаси "no contest" яъни жанг бўлмади, деб ҳисобланилар ва бу боксчиларнинг жанглар статистикасига таъсир кўрсатмас эди. Аммо Буюк Британияда бу қоидага бошқача ёндошилган. Ушбу давлатда бўлиб ўтган жангларда шундай ҳолат кузатилса, натижа "техник дуранг" деб қабул қилиниши белгиланган. Ёмон томони эса бу боксчининг жанглар статистикасида ҳам дуранг сифатида акс этади. Эндиликда, бу дуранг Исроил Мадримовнинг рекордида 8-0-1 (6 нокаут) кўринишида "доғ" бўлиб қолди.

photo_2022-07-10_11-36-00

Даъвогарлик мақоми тақдири нима бўлади?

Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу тўқнашув ғолиби жаҳон чемпиони Жермелл Чарлога қарши рингга кўтарилиш ҳуқуқини қўлга киритар эди. Иккинчи жангда ҳам бунга аниқлик киритилмагач, учинчи жангга буйруқ берилиши эҳтимоли ҳам юқори. Бу борада Мишель Соро ҳам фикр билдириб ўтди.

"Афсуски, жанг 3-раунддаги очиқ жароҳат сабабли техник дуранг билан тугади. Қандай ачинарли! Мен ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман жанг эса 12 раунддан иборат. Бирозгина ҳордиқдан сўнг, яна машғулотларга қайтаман, чунки 3-жанг тез келади", - дея изоҳ қолдирган Соро инстаграм саҳифасида.

Исроил Мадримов эса жаҳон чемпионлик камарига жанг қилиш имкониятига ҳақли эканини кераклича исботлаб, жанг қанчалик муҳимлигига яна бир сабаб айтди.

"Агарда бу жангларни кўриб чиқиб, менинг чемпионлик учун сўнгги қадамим сифатида баҳолашса хурсанд бўлган бўлардим. Мен йиллар давомида ҳар куни машғулотларга фақат бир мақсадда бораман: жаҳон чемпионлик жангида иштирок этиш. Менинг бор эътиборим шунга қаратилган эди. Ишонаманки, ушбу икки жанг билан мен бунга қанчалик лойиқ эканимни ва буни қанчалик хоҳлашимни исботладим. Қолаверса, бу жангнинг мен учун яна бир муҳимлиги, ушбу баҳсдан сўнг тўйим санаси белгиланган. Аслида биринчи жанг натижаси сабаб бу кечиктирилган эди. Кейинги ойда оила қуряпман ва мен тўйдан олдин чиройли ғалаба қозонишни истаган эдим", - дейди Мадримов жангдан сўнг берган интервьюсида.

photo_2022-07-10_11-36-07

Энди қандай қарор қабул қилиш WBА ташкилотига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Мадримов даъвогар деб элон қилингани билан ҳам дарҳол чемпионлик жангида иштирок эта олмайди. Чунки ушбу вазнда барча камарларни ўзиники қилиб турган Жермелл Чарлонинг қолган 3 та йўналишда ҳам мажбурий давогарлар кутиб турибди. Буларни навбат билан санаб ўтамиз: Баҳрам Муртазалиев (IBF), Тим Цзю (WBО), Себастиан Фундора (WBC) ва улардан сўнг Мадримовга навбат келар эди. Агарда Чарло унгача камарини вакант қўйса, Мадримов ўзидан кейинги ўринда турган бошқа бир боксчи билан ушбу вакант камар учун жанг қилиш варианти ҳам йўқ эмас эди.

Умумий қилиб айтганда, Чарло камарларни вакант қўймаса, бир томондан Соро билан 3-жанг ўтказилса, Мадримов чемпионлик камари учун жангга чиқиши учун яна камида бир ярим йил, балки икки йил вақт керак бўлади.

Жалол Ахмедов тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!