"Нимага кутмадим? Кутганман" - ўйин қаҳрамони Маматказин "Олимпик"ни қандай мағлуб этилгани ҳақида нима дейди?
“Андижон” клуби 3 апрель куни Тошкентдаги Жар стадионида мезбон – “Олимпик” клубига қарши баҳс олиб борди.
Ростини айтганда, меҳмонларнинг кетма-кет иккита мағлубиятидан сўнг кўпчилик “Олимпик”нинг имкониятини юқори баҳолаганди. Аммо амалда бундай бўлиб чиқмади.
“Андижон” сардори ва етакчиси Илдар Маматказин томонидан учрашув бошида урилган ягона гол “Олимпик”ни мағлуб этилиши учун етарли бўлди.
Маматказин эса беллашувни жуда фаол ўтказди ва шунинг учун у учрашувнинг энг яхши футболчисига ҳам айланди. “Олимпик” чемпионатдаги иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олди.
Биз эса ўйин қаҳрамони – Илдарга бир қанча саволлар билан мурожаат қилдик.
- Аввало, барча “Андижон” мухлисларини ва бутун жамоани ғалаба билан табриклайман, - дея гап бошлади, Илдар - Ҳа, учрашувдан аввал оғир ўйин кутиб турганини билардик. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Бу учрашувни ютмасак бўлмасди. Ишқибозларимиз ҳам, раҳбарларимиз ҳам биздан фақат ғалаба кутишган. Худога шукр, юзимиз ёруғ бўлди. Энди бу ғалабани унутиб кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.
- Ўйин бошида тезкор гол урдингиз. Учрашувнинг шундай бошланишини ўйлаганмидингиз?
- Бу – футбол. Иложи борича ҳар бир стандартдан фойдаланиш керак. Нимага кутмадим? Кутганман. Тўғри узатма бўлса, бизнинг жамоа албатта стандартдан ҳам фойдаланади.
- Учрашувнинг энг яхши ўйинчисига айландингиз...
- Тўғрисини айтганда, ўйиннинг энг яхши ўйинчиси мен бўлмадим, бутун жамоа бўлди. Захирадагилардан тортиб майдонда тўп сурган барча футболчиларгача ҳаракат қилди.
- “Олимпик”нинг ўйини сизда қанақа таассурот қолдирди?
- “Олимпик” жамоасининг шундай ўйинини кутгандим. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Режа бўйича иккинчи жамоа сифатида қарши ҳужумлардан пайт пойлаган ҳолда ўйнадик.
- Иккита мағлубиятдан сўнг жамоа ўзига келди. Тикланиш қийин кечмадими?
- Ростини айтганда, иккита мағлубиятга учрар экансиз, албатта руҳий томондан таъсир қилади. Ўзига ишонч йўқолади. Аммо Худога шукр, биз барчамиз ўзимизни қўлга ола билдик. Кўп нарса ўзимизга боғлиқ. Майдонда яхши ҳаракат қилдик ва шунга яраша юзимиз ёруғ бўлди.
- Ўтган сафар “Сурхон”га тоза гол ургандингиз, аммо ҳакамларнинг хатоси туфайли ҳисобга олинмаган. Мана, бу сафар ҳам гол урдингиз. Асосий вазифангиз ҳимояда рақиб ҳужумларини қайтариш албатта ёки ҳужумларда гол уриш ҳам вазифаларингиздан бирими?
- Ҳимоячи бўлганим учун биринчи навбатда дарвозамиз дахлсизлигини сақлашда ўз жойимизда мустаҳкам бўлишимиз лозим. Стандарт вазиятларда ҳужумларга қўшилиб турамиз. Ҳужумда ҳам ўз вазифамни бажардим.
- Ёғиб турган ёмғир жиддий таъсир кўрсатмадими?
- Йўқ, аксинча. Футболга мос жуда яхши об-ҳаво бўлди. Салқин, футбол ўйнайдиган ҳолат эди. Ёмғирли ҳавода футбол ўйнаш бизга ҳам, рақибга ҳам маъқул келди.
- Олдинда “Андижон”ни водий дербиси – “Нефтчи”га қарши жиддий учрашув кутяпти...
- Азалдан бундай дербилар бўлиб келган. Жанговар ўйин бўлади. Дербига жиддий тайёргарлик кўрамиз. Ҳамма мухлисларини бўлажак учрашувга таклиф қилиб қоламан ва бизга ишонишларини, қўллаб-қувватлашларини сўрайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар