"Нималар бўлганини ўзинглар кўрдинглар" - Остон Ўрунов "Ал-Ҳилол"га қарши ўйин ва Неймар ҳақида гапирди
“Навбаҳор”нинг Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи дебютидаги “Ал-Ҳилол”га қарши ўйини ҳали яна кўп муҳокамалар марказида бўлади.
Нафақат бизда ёки Осиёда, балки жаҳон футболи ОАВида ҳам. Сабаби, рақиб сафида Неймар бор ва у бизнинг жамоамиз дарвозасига йўл топа олмади, клубини ғалаба сари етаклай олмади. “Навбаҳор” эса миллиардер рақибига нисбатан ғалабага яқинроқ эди.
Майли, бир очко ҳам очко ва унинг қадри баланд, буни тан олиш керак. “Навбаҳор” футболчиларининг ҳар бирига алоҳида ташаккур. Айниқса, Остон Ўрунов ўзининг энг яхши ўйинларидан бирини кўрсатди. Бу футболчи майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарди. Ўйиндан сўнг Sports.uz журналисти Остон билан алоқага чиқди.
- Рости, “Навбаҳор” “Ал-Ҳилол”га қарши рақибнинг кучини синдириш учун ҳужумларига жуда яхши блоклар қўйди. Жамоа қандай қилиб Осиёнинг кучли клубини тўхтата олди?
- Жамоа сифатида бир-биримизга яқин ўйнаганимиз ва ўзимизга бўлган ишонч.
- Қайд этилган дурангдан розимисиз?
- Албатта, “Ал-Ҳилол”га қарши дуранг ёмон натижа эмас. Тўғри, биз ғалаба қозониб кетсак ҳам бўларди. Нималар бўлганини ўзинглар кўрдинглар.
- “Навбаҳор” 100-дақиқада ҳам “Ал-Ҳилол”ни ютиб турганди. Жуда аламли дуранг. 114 дақиқа қўшилиши “Навбаҳор” футболчиларига қўшимча “нагрузка” бўлдими?
- Ҳа, оғир ўйин бўлди. Икки ҳафталик танаффус ва терма жамоа билан Америкадан анча йўл босиб келдик. Бу клубга қарши 114 дақиқа ўйнаш жуда оғир.
- Неймарнинг майдондаги ҳатти-харакатларини қандай баҳолайсиз? У жуда асабийлашди...
- Неймар ҳақида ёмон гапиришни хоҳламайман. Чунки унинг ўйинлари менга ёқади.
- Фаолиятингизда сиз ўйнаган энг машҳур юлдузлар орасида Неймар топ-даражадагисими?
- Ҳа, лекин ундан яхшироқ ўйин кутгандим.
- Бабаян ўйиндан аввал ва кейин сизларга нима деди?
- Ҳамма мураббий айтадиган гапларни айтди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар