Нодир Элибоев: Осиё чемпионатига чиқиш вазифани уддаладик

 

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидан Осиё чемпионатига саралаш босқичи “А” гуруҳи 2-турида Туркманистон билан куч синашиб, 4:2 ҳисобида зафар қучди.

Учрашувдан сўнг терма жамоа бош мураббийи ассистенти, терма жамоанинг собиқ аъзоси Нодир Элибоев ЎФФ матбуот хизмати билан суҳбатда ўйин ҳақидаги фикрлари, қўлга киритилган ОЧ йўлланмаси ва бўлажак ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Туркманистон терма жамоаси дастлабки дақиқалардан фаоллик кўрсатиб, кўплаб вазиятларга эга бўлди. Йигитларимиз эса аксинча ўйинни жуда суст бошлашди. Бахтимизга Рустам Умаров бир неча вазиятларда ўз маҳоратини кўрсатиб, жамоамизни муқаррар голлардан сақлади. Иккинчи бўлим умуман бошқача кўриниш олди. Устунлик биз томонга ўтди ва рақибга эркин ўйнаш учун имконият бермадик.

Ўтказиб юборилган голларга келсак, биринчи голни 10 метрлик нуқтадан, иккинчисини эса рақиб ўйновчи дарвозабонни туширганидан кейин қўйиб юбордик. Учрашувнинг якуний натижаси ва йигитларнинг ўйинидан кўнглимиз тўлди. Олдимизга Осиё чемпионатига чиқиш вазифаси қўйилганди ва биз буни уддаладик. Қирғизистонга қарши ўйин бугунгисидан осонроқ кечади деб ўйлайман. Умид қиламанки, сўнгги беллашувда ҳам ғалаба қозонамиз”, – деди Нодир Элибоев.

Терма жамоа бош мураббийи ёрдамчиси таркибдаги хато ва камчиликлар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, уларнинг барчаси ўйиндан-ўйинга бартараф қилинаётганини билдирди.

“Албатта, камчилик ва хатолар, ўйинчиларга эътирозлар бўлади. Аммо буларнинг барчасини ўйиндан-ўйинга бартараф қилиб бораётганимиз кишини хурсанд қилади. Иш бўлаётган ҳар қандай жойда камчилик ва хатолар учраб туради”, – дея ўз фикрига якун ясади Нодир Элибоев.  

Эслатиб ўтамиз, саралаш босқичи “А” гуруҳи сўнгги турида Ўзбекистон терма жамоаси Қирғизистон футзалчиларига қарши майдонча чиқади. Учрашув Тошкент вақти билан 15:30 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!