Ноодатий рақамлардаги футболчилар
Биз одатда, дарвозабонларни 1 рақамида, ҳужумчиларни 9 ёки 10 рақамларда кўриб, ўрганиб қолганмиз.
Ҳозир эса эътиборингизга ноодатий рақамларда майдонга тушадиган футболчиларни намойиш этамиз.
Жанлуижи Буффон
Жамоаси: “Ювентус”
Рақами: 77
Ёши: 41
Рўйхатимиздаги энг буюк футболчи айнан Буффон ҳисобланади. Тўғри, у ҳозир асосий таркибда кам майдонга тушяпти. 41 ёшли футболчи рақобатда енгиши қийин масала.
Буффон “ПСЖ”дан қайтиб келди собиқ жамоасига. Войцех Щенсны Буффонга ўзининг биринчи рақамини қайтиб олишини, Кьеллини эса сардорлик боғичи уники эканлигини айтди. Буффон эса барчасини рад этди. Бу ерга кимдандир ниманидир тортиб олиш учун эмас, жамоаси янада кучли бўлишига ёрдам бериш учун келганини айтди. Натижада, ҳозир у 77 рақам остида ҳаракат қиляпти.
Аркадиуш Милик
Жамоаси: “Наполи”
Рақами: 99
Ёши: 25
Милик 2016 йил “Наполи”га ўтганида кўпчилик “Ювентус”га ўтиб кетган Гонсало Игуаиннинг тўққизинчи рақамини ёки терма жамоасидаги рақами 7 ни сўраса керак деб ўйлашганди. Аммо у футболкасига иккита 9 рақамини туширди. Ўзининг илк икки мавсумида Аркадиуш ёрқин ўйинларини намойиш эта олмади, кўплаб жароҳатлар олди. 2018/19 йилги мавсумда эса 35 ўйинда 17 та гол уриб ўз жамоаси бомбардирига айланди. Айнан 99 рақам Миликка омадсизлик олиб келяпти деганлар ҳам бор. Лекин ундай эмас. У ўз фаолиятини бошлаган “Герник”да ҳам 99 рақам остида майдонга тушарди.
Йосип Иличич
Жамоаси: “Аталанта”
Рақами: 72
Ёши: 31
Словениялик футболчи 2010 йилда Италияга келган эди. “Марибор”да ўйнаб юрган вақтларда 27 рақам уники эди. “Палермо”га келгач эса, бу рақам банд бўлгани боис 72 рақамни танлайди. “Палермо”даги иккинчи ва учинчи мавсумларида 27 рақамда тўп сурган бўлса-да, “Фиорентина”га ўтгач, яна 72 рақамни танлайди.
2017 йилдан буён “Аталанта” шарафини ҳимоя қиляпти. Италияда унинг рақамига эътибор қилмай қўйишди. Энг муҳими у ўз ўйинини кучайтириб, жамоасига ёрдам берса бўлгани.
Генрих Мхитарян
Жамоаси: “Рома”
Рақами: 77
Ёши: 30
Футболчи “Рома”да ижара асосида ҳаракат қиляпти. Генрих 7 рақамни олиши кутилган эди, аммо у рақамда Лоренцо Пеллегрини тўп сургани боис, Мхитарян иккита 7 рақами туширилган футболкани танлади.
Мхитарян фаолиятини бошлаган вақтда 35 рақам остида тўп сурарди. “Пюник” унинг илк жамоаси эди. Кейин эса 22 рақамни танлади. “Металлург”, “Шахтёр”да ҳам 22 рақам остида ҳаракат қилган. “Боруссия”да эса 10 рақамда, “МЮ”да яна 22 рақамда тўп сурди.
Стивен Н’зонзи
Жамоаси: “Галатасарай”
Рақами: 92
Ёши: 31
Ўтган ёзда “Рома”дан “Галатасарай”га ижара асосида ўтган Стивен ноодатий рақам – 92 ни танлади. Ўзининг 42 рақами унга омад келтирмаган, бир пайтлар тўп сурган 15 рақами банд бўлгани боис 92 рақамни танлади.
Унинг фаолиятини катта қисми 15 рақам билан боғлиқ. “Амьен”, “Блэкберн Роверс”, “Сток Сити” ва “Севилья”да шу рақам остида тўп сурган. “Рома”да эса 42 рақамни танлаганди. Аммо Италиядаги фаолияти омадсиз ўтди. “Галатасарай”да эса умуман бошқа рақамни танлашни хоҳлади.
Жанлуижи Доннарумма
Жамоаси: “Милан”
Рақами: 99
Ёши: 20
“Милан”нинг ёшлар жамоасида турли рақамларда, биринчи, йигирма иккинчи, тўқсон тўққизинчида тўп суришга улгурган. Энг охиргиси у учун доимий бўлиб қолди. “Милан”нинг асосий жамоасида мана 5 йилдирки, 99 рақамда тўп суриб келяпти. Ўзининг 20 ёшида А сериядаги ўйинлари сони 150 га яқинлашиб қолди. У ўзининг рақамини 1 га ўзгаритиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаяпти.
Трент Александер-Арнолд
Жамоаси: “Ливерпуль”
Рақами: 66
Ёши: 21
Ҳозирги кундаги “Ливерпуль”нинг ёш ва энг муҳим футболчиларидан бири Трент Александер. У ҳам ноодатий рақамда тўп суради. Футболкасида туширилган 66 рақам унга маҳоратини майдонда кўрсатишга халақит бермайди.
Ёшлар футболида Трент Александер жуда кўп рақамларда тўп сурган: ўн бешинчи, ўн саккизинчи, иккинчи, ўн еттинчи. Лекин ҳамма уни 66 рақамда кўришга ўрганиб қолган.
Фикрлар