Нойер 40 ёшида Англияни забт этмоқчи
Германия футболи афсонасига айланган “Бавария” жамоаси дарвозабони Мануэль Нойер фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириш имконига эга бўлмоқда.
Немис дарвозабони профессионал фаолияти давомида Бундеслигадан четга чиқмаган. 2005 йили “Шальке” дарвозасини қўриқлай бошлаган маҳоратли голкипер 2011 йили “Бавария”га ўтган ва ҳамон мюнхенликлар шарафини ҳимоя қилмоқда.
Жорий мавсум Нойер учун соғлиқ муаммолари сабаб мураккаб кечди ва шунинг учун 40 ёшли немис ҳали 30 та ўйинда ҳам иштирок этгани йўқ.
“Бавария” мавсум охирида Нойернинг шартномаси тугашини инобатга олиб, у билан хайрлашишга тайёргарлик кўрмоқда. Агар Мануэль Мюнхенда қолса ҳам, клуб энди Нойерга асосий дарвозабон ўрнини кафолатлай олмайди, чунки ёзда янги дарвозабон сотиб олишни режалаштирмоқда.
Бундеслига грандининг асосий нишони “Брайтон” дарвозабони Барт Вербрюгген ҳисобланади.
TEAMtalk нашри маълумотига кўра, Нойер вакиллари аллақачон унга янги жамоа қидиришни бошлаб юборган ва унга қизиқиш билдирган клублар орасида “Тоттенхэм” ва “Ньюкасл” ҳам бор.
“Тоттенхэм” келаси ёзда ўзининг асосий дарвозабони Гульельмо Викарио билан хайрлашишни режалаштирган, “Ньюкасл” эса ижарадан сўнг “Саутгемптон”га қайтадиган Аарон Рамсдейл билан хайрлашади.
Фикрлар