Нурсултон Рўзибоев ҳамда Луис Фелипе Диас жангида ким фаворит?
Хабарингиз бор, 11 март куни Баҳрайннинг Манама шаҳрида Brave CF промоушени навбатдаги жанг кечасини ташкил этади. Биз учун аҳамиятли жиҳати, ушбу оқшомда юртимизнинг энг кўзга кўринган ММА жангчиси Нурсултон Рўзибоев (34-8-2-1N/C) ҳам октагонга кўтарилади. Унга бразилиялик Луис Фелипе Диас (14-3) рақиблик қилади.
Жангдан аввал барчада турлича фикр ва мулоҳазалар бўлиши табиий. Биз ҳам бу борада ўз қарашларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз...
Луис Фелипе Диас ҳақида...
Луис Фелипе 1995 йил Бразилияда таваллуд топган, 27 ёшда. Баъзаси жиу-житсу шунингдек, муайтай ва кикбоксинг билан ҳам шуғулланган. Одатда у "стойка"да жанг ўтказишни ҳуш кўради. Асосий зарбани ўнг қўлда беради. Умуман олганда, ҳар икки қўлида бирдек зарба йўллай олади. Бўйи 180.34 см. Албатта, Бразилия вакилларининг ҳар доим жиу-житсуси кучли бўлган. Шунинг учун улар "партер"да жуда хавфли кўриниш олади.
Луис Фелипе Диас профессионал фаолиятини 2017 йилда бошлаган ва ҳозирга келиб, 14 та ғалаба ва 3 мағлубият қайд этган. Ғалабаларининг 6 тасини "сабмишен", 7 тасини КО, ТКО эвазига қўлга киритган бўлса, 1 маротаба очколарга кўра, ғалаба қозонган. Ва яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бразилиялик жангчи 7 та ғалабали серияга эга. У 2019 йил 23 июнда MF (Max Fight 23) турнирида ватандоши Марио Филипе Де Соузага мағлуб бўлганидан буён, шундай муваффақиятли тарзда одимламоқда.
У асосан жангларини Бразилияда ўтказган. Бироқ, Бразилияда ҳам ушбу йўналиш жуда яхши ривожланганини ва жаҳоннинг нуфузли промоушенларида айнан ушбу юрт вакиллари кўпчиликни ташкил қилиши, асосийси чемпионлик мақомидагилари ҳам бисёр эканлигини инобатга олсак, маҳаллий промоушенлардаги фаолияти унинг минус жиҳати эмас. Қолаверса, Brave CF промоушени мутасаддилари ўз ташкилотига оддий жангчиларни таклиф этмайди. Хуллас, Луис Фелипе Диас анчагина жиддий рақиб!
Ушбу тўқнашувда ким фаворит?
Нурсултон Рўзибоев ҳақида ММА мухлислари яхши билади. Шундай бўлса-да, бироз тўхталиб ўтамиз. Рўзибоев профессионал фаолияти мобайнида 34 та ғалаба, 8 мағлубият, 2 дуранг қайд этган. Шунингдек, битта натижаси бекор қилинган жанг ҳам мавжуд.
Ғалабаларининг 12 таси КО, ТКО , 20 тасини "сабмишен" ва 2 тасини очколарга кўра, қўлга киритган. Кўриниб турибдики, ҳамюртимизнинг жиу-житсуси ҳавас қиларли даражада ва бу борада рақибидан устун бўлса устундирки, асло кучсиз эмас. Умуман олганда, юртдошимиз универсал жангчи, нафақат у "партер"да балки "стойка"да ҳам юқори даражадаги кўрсаткичларга эга.
Нурсултоннинг ушбу жангдаги яна плюс тарафларига тўхталсак, у Диасдан тажриба бобида анчагина устун. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, рақиб 17 та жанг ўтказган бўлса, ҳамюртимизда 45 бора октагонга кўтарилган. Ва аҳамиятли жиҳати, унинг жанг оралиғидаги масофаси узоқ эмас. Ҳамюртимиз охирги бор, 13 февраль куни яна бир бразилиялик Лучиано Континига қарши жанг ўтказди ва ташриф қоғозига айланиб бораётган "кимура" услуби билан рақибини таслим этганди. Шундай экан унда жисмоний ҳолат аъло даражада. Фелипе Диас эса сўнги бор, 2020 йил 23 августда жанг ўтказган. Оралиқ масофа 1.5 йилни ташкил этади. Бу борада ҳам устунлик юртдошимиз тарафида, деб айта оламиз. Қолаверса, бўй борасида ҳам Рўзибоев 5 см баландроқ.
Шунингдек, юртдошимизда зарба кўтариш хусусияти, чидамкорлик ҳам юқори даражада. Луис Фелипе Диаснинг жангларига эътибор қаратсак, унда бу борада муаммолар йўқ эмас. Бир сўз билан айтганда, ушбу тўқнашувда фаворит Нурсултон Рўзибоев деб айта оламиз.
Аммо, юқоридаги омилларнинг ҳаммаси нисбий тушунча ва барчаси октагонда ҳал бўлади. Биз шунчаки ўзимизнинг шахсий мулоҳазаларимизни баён этдик холос!
Сўзимиз якунида эса, ҳамюртимизга ушбу жангда омад ёр бўлишини ва муваффақиятли одимини давом эттиришига тилакдошмиз. Зеро, ушбу ғалаба билан ҳамюртимиз Баҳрайн промоушенининг ўрта вазн (84 кг) тоифаси чемпионлигига янада яқинлашади. Энг асосийси эса, барча ўзбекистонлик ММА ихлосмандаларини хурсанд қилади. Шундай экан фақат ғалаба, ўзбек ўғлони!
Фикрлар