Ўзбекистон АҚШ очиқ чемпионатида рекорд ўрнатади
2026 йилги АҚШ очиқ чемпионатида Ўзбекистон шарафини бир вақтнинг ўзида уч нафар теннисчи ҳимоя қилади, дея хабар бермоқда мамлакат теннис федерацияси.
Турнирнинг асосий тўрига Камилла Рахимова ва Мария Тимофеева тўғридан-тўғри киритилган. Рахимова WTA рейтингида 78-ўринни, Тимофеева эса 84-поғонани эгаллаб турибди. Яна бир ўзбекистонлик теннисчи Полина Кудерметова (WTA рейтингида 111-ўрин) саралаш босқичида иштирок этади. Агар у муваффақиятли ўйин кўрсатса, асосий тўрга ҳам йўл олиши мумкин.
Шу тариқа, Ўзбекистон аёллар ўртасидаги якка разрядда «Катта дубулға» турнирлари тарихида ўзининг энг кўп иштирокчисига эга бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Сўнгги йилларда Нью-Йорк кортларида мамлакат номидан асосан ягона теннисчилар сифатида Денис Истомин ва Оқгул Омонмуродов майдонга тушиб келаётган эди.
"US Open-2026" мусобақаси 23 августдан 13 сентябргача Нью-Йорк шаҳрида ўтказилади. Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси рекорд даражадаги 108 миллион долларни ташкил этади. Якка разряд асосий тўрининг илк босқичига йўл олган ҳар бир теннисчи 140 минг доллардан мукофот пули олади.

Фикрлар