Ўзбекистонлик теннисчи қиз Хитойдаги юришини йирик ғалаба билан бошлади
Ғалабалар давомли бўлсин
Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган теннисчи Мария Тимофеева (WTAГуанчжоу (Хитой) шаҳридаги WTA 250 турнирдаги иштирокини муваффақиятли бошлади. У мусобақанинг илк босқичидаёқ ишончли ғалабага эришди.
Старт учрашувида Тимофеева сербиялик рақибаси Теодора Костович (WTA рейтингида 143-ўрин) билан кортга тушди ва уни икки сетда — 6:4, 6:1 ҳисобида мағлуб этди.
Биринчи сетда ўзбекистонлик теннисчига осон бўлмади: Костович жиддий қаршилик кўрсатди. Шунга қарамай, Мария муҳим очколарда устунликни қўлга киритиб, сетни 6:4 ҳисобида якунлади. Иккинчи сетда эса Тимофеева тўлиқ устунликка эга бўлиб, рақибасига фақат битта гейм ютиш имконини берди.
Учрашув 1 соат 29 дақиқа давом этди. Шу вақт мобайнида Тимофеева икки марта эйс йўллади, тўртта икки карра хатога йўл қўйди ва тўққизта брейк-пойнтдан бештасини муваффақиятли амалга оширди.
Бу ғалабадан сўнг 22 ёшли ўзбекистонлик спортчи Гуанчжоу турнирининг иккинчи босқичига йўл олди. Қайд этиш керакки, мазкур мусобақада Марияга еттинчи рақамли сейнийланган теннисчи мақоми берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тимофеева Россия байроғи остида иштирок этарди. 2025 йилдан эътиборан эса у спорт фуқаролигини ўзгартириб, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қила бошлади.

Изоҳлар (0)