ОЧЛга тайёргарлик, легионерлар масаласи ва Ўзбекистоннинг энг яхши футболчилари тўғрисида "Сўғдиёна-W" клуби мураббийи Гулшан Шодиева билан интервью.
Аёллар футболи 2021 йилги футбол мавсуми ўз якунига етди. "Сўғдиёна-W" клуби Олий лигада ҳам Ўзбекистон Кубогида ҳам чемпионликка эришди. Бугунги суҳбатдошимиз шу клубда фаолият юритадиган ёрдамчи мураббий Гулшан Шодиева.
Ассалому алайкум. Аввало бу йилги Олий лига ва Ўзбекистон кубоги чемпионлиги билан табриклайман! Шу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтсак.
-Ассалому алайкум, табрик учун рахмат! Бу йилги аёллар ўртасида олий лига чемпионатимиз анча юқори даражада ўтди. Йил бошида ўз олдимизга юқори мақсадларни қўйгандик ва бу йўлда жамоамиз билан биргаликда тинимсиз меҳнат қилдик ва бунинг самарасини йил охирида кўрдик. Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳибига айландик.
Албатта, бу икки нуфузли совринни қўлга киритиш осон бўлмади. Аёллар футболига эътибор йилдан йилга ошиб бормоқда ва бу бизни янада ўз устимизда ишлашга, нафақат Ўзбекистон чемпионатида, балки Осиё Чемпионлар лигасида ҳам муносиб иштирок этиб, юқори ўринлар олишимизга туртки бўлади, деган умидамиз.
Чемпион сифатида ҳозир нималарни ҳис қиляпсиз?
-Футболчилик фаолиятимда чемпион бўлиш насиб қилмаганди. Мураббийликни Шерали Бабақулов қўл остида бошлаганимга 3 йил бўлган бўлса, шу 3 йил давомида 2 карра Ўзбекистон чемпионатида бронза медалларини қўлга киритдик, бу йил олтин ва кубокка эга чиқдик. Чемпионлик ҳиссини сўз билан таърифлаб бўлмайди, жамоамиз билан биргаликда жуда хурсандмиз.
Айни пайтда "Сўғдиёна" молиявий жиҳатдан жуда кучли клуб. Чемпионатимизда жамоангизга энг катта қаршилик кўрсата оладиган рақиб ҳақида айтиб ўтсангиз. Ҳар ҳолда, аёллар клубидаги шароит ҳатто Суперлиганинг баъзи жамоаларида йўқ...
Юқорида айтиб ўтганимдек, аёллар футболи ривожланиб бормоқда. Жамоалар яхши ташкил қилиняпти, совринли ўринлар учун кураш ошиб бормоқда. Бу йилги чемпионатимизда юқори поғоналарни банд этиш учун бизга "Бунёдкор" аёллар жамоаси қаршилик қилди. Бу клуб ҳам яхши шаклланган. Ўзбекистон кубоги финалида "Бунёдкор" майдонида айнан "Бунёдкор - W" жамоаси билан тўқнаш келдик ва бу курашда ғолиб чиқдик. Албатта, чемпионлик ўз ўзидан бўлиб қолмайди, бошқа жамоалар каби бизда ҳам қийинчиликарбўлган бу қийинчиликларни бош мураббиймиз, жамоамиз билан биргаликда енгиб ўтганмиз. Халқимизда бир мақол бор, сабрни таги олтин!
Ҳозирги кунда клубимиз томонидан барча шароитлар қилиб берилган. Шароит бор жойда натижа бўлади, деб ўйлайман.
Энди ўзингиз ҳақингизда гаплашсак, аввал футболчи бўлганингизни айтдингиз. Ўзи спортнинг бу турига қандай кириб келгансиз?
-Ёшлигимдан футболга муҳаббатим жуда кучли бўлган, мактабимизда футбол тўгараги бўлган, болаларга қўшилиб тўп тепардим. Мендаги қизиқишни кўрган муррабийим ўз қўл остига олиб, футбол билимларини берган. Профессионал футболга кириб келишимга сабабчи Шерали Насимжанович бўлади. Айнан шу инсон қўл остида "Металлург -W" клубида 3 йил тўп тепганман. Жароҳат туфайли футболни эрта тарк этишга мажбур бўлдим. Мураббийлик фаолиятимни бошлашга ҳам шу инсон туртки бўлган.
Ҳозирда Шерали Бабақулов қўл остида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаб келмоқдаман. Бу мураббий билан ишлаш мен учун шараф.
Бугун ёрдамчи мураббийликда фаолият олиб боряпсиз ва келажакда қайсидир клубда бош мураббий бўлиб ишлаш режаларингиз борми?
- Тўрисини айтсам, бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман. Футболда ўрганадиган нарсаларим жуда кўп. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
"Сўғдиёна - W" клубида тажрибали футболчи қизлар тўп тепишади. Клуб келаси мавсумда халқаро ўйинларда майдонга тушишини инобатга олиб трансферларга эътибор қаратиляптими?
- Тўғри, тажрибали футболчиларимиз бор ва улар келаси йили бўлиб ўтадиган Осиё Чемпионлар Лигасида асқатишига ишонамиз. Трансферларга келадиган бўлсак, клуб раҳбарияти ва бош мураббиймиз бу масала бўйича иш олиб бормоқда.
Биламизки, "Сўғдиёна" клубида 3та легионер футболчилар тўп тепади. Бошқа ҳеч бир жамоада бунчалик кўп хорижлик йўқ. Уларнинг чемпионликдаги ҳиссаси даражада?
- Дарҳақиқат, жамоамизда 3 та африкалик профессионал футболчи ўйнайди. Чемпионликда уларнинг ҳам ҳиссаси бор, бунинг учун уларга раҳмат айтамиз. Шуни таъкидлаб ўтиш керак-ки, футбол жамоавий спорт тури. Шунинг учун, ғалаба учун бир ёки икки ўйинчининг тажрибаси камлик қилади. Шундан келиб чиқиб чемпионликда барча футболчиларимизнинг ҳиссаси бор, деб айта оламан.
Мавсум тугади. Энди футболчилар орасидан энг яхшилари танлаб олинади. Кетма-кетликда 3та энг яхши аёл футболчини айта оласизми?
- Мавсумнинг энг яхшиларига келадиган бўлсак, менинг фикримча, булар Диёра Ҳабибуллаева, Фусеина Мумуни, Людмила Карачик. Бу йилги мавсумни бу футболчилар жуда яхши ўтказишди.
Футболда озми-кўпми фаолият олиб бордингиз, бугун футболни танлаётган ёш қизларга нималарни маслаҳат бера оласиз?
- Бу йилдан бошлаб, ҳар бир клуб қошида ўринбосарлар жамоаси бўлиши йўлга қўйилди ва улар ўртасида U16 Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Бу қарор қизларнинг футболга қизиқишини янада оширишга ёрдам беради. Футболни энди бошлаган ёш қизларга маслаҳатим уни севиб, мураббий бераётган билимларини тўлақонли ўрганиб, сабр қилиб, меҳнат қилишса, ўз мақсадларига албатта эришишади.
Жавобларингиз учун ташаккур. "Сўғдиёна" клубига Осиё ва ички чемпионатда омад тилаб қоламан.
-Раҳмат!
Дилноза Мустафоқулова суҳбатлашди
Фикрлар