ОЧЛ.Клубларимизнинг плей-офф йўлланмаси учун имконияти ҳақида батафсил! (Барча гуруҳлардаги холат)
Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи, биринчи давра ўйиналари ўз якунига етди. Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган 4 жамоа 4 хил натижа ва ўйин намойиш этмоқда. Ҳозир, улар ўрин эгаллаган гуруҳлардаги ҳолат ва плей-офф йўлланмаси учун имкониятларини кўриб чиқамиз.
"А" гуруҳи. Ўзига ўхшамаётган - "Пахтакор"
"Шерлар" мусобақани жуда ёмон бошлади. Кетма-кет иккита аламли мағлубиятдан сўнг, кейинги босқич ҳақида ҳеч ким ўйламай ҳам қўйган эди. 3 турдаги ўйинлар сабабли квартетдаги вазият кескин ўзгариб кетди. "Ал Айн" ўз уйида "Ал Файха"ни йирик ҳисобида таслим этди. Натижада, гуруҳдаги 3 жамоада 3 тадан очко мавжуд. Бунда голлар сони асосий ўлчов бирлигига айланади. "Шерлар" Туркманистон чемпиони дарвозасига урган 3 та голи эвазига гуруҳда иккинчи ўринга чиқиб олмоқда. "Шерлар" агар гуруҳдан кейинги босқичга чиқишни истаса, "Ал Файха" ва "Аҳал" билан бўладиган ўйинларда юз фоизлик натижа қайд этиши шарт. Қолган гуруҳлардаги холатдан келиб чиқиб, "Ал Айн" билан бўладиган меҳмондаги баҳс аҳамияти ошиб кетиши ва шу билан биргаликда ўз қийматини йўқиши мумкин.
"Б" гуруҳи. Ўзбек футболининг имижи - "Насаф"
"Б" гуруҳида вазият анча чигаллигича қолмоқда. Қатарнинг "Ас Садд" клуби 4 очко билан учинчи ўринда, аммо иккинчи даврадаги баҳсларда айнан улар "қўшиши" тахмин қилинмоқда. "Насаф" эса, "Шаржа"дан учралган аламли мағлубият сабабли 6 очко билан иккинчи поғонада. БАА клуби гуруҳни 7 очко билан бошқариб турибди. Катта эҳтимол билан қаршиликлар плей-офф йўлланмаси учун асосий даъвогар мақомини (иккинчи ўринда турган бўлса ҳам) ўзида ушлаб турибди. Қолган 3 турнинг иккитасини ўз уйида қабул қиладиган "Аждарлар"га 6 очко ҳам кейинги босқич учун кифоя қилиши мумкин.
"C" гуруҳи. Асосийси иштирок - ОКМК
Миржалол Қосимов шогирдлари ОЧЛнинг жорий мавсумида жуда бўш ҳаракат қилаётгани рост. Аввалига ўз уйида Ироқ клубига мағлуб бўлган бўлса, 3-турда "Сепахон" Олмалиқда хоҳлаганини қилганини гувоҳига айландик. Назарий жиҳатдан "кончилар"да иккинчи ўринга илиниш учун имкон бор, бироқ вазиятга реал кўз билан боқиш лозим. Натижа қандай бўлишидан фарқли ўлароқ, бизга халқаро майдондаги 4 йўлланмани тақдим этган жамоага турнирдаги иштирок учун ташаккур. Асосийси, қолган ўйинларда юқори концентрация билан харкат қилиш.
"Д" гуруҳи. Бир аммалаб бўлсада, манзилга қараб кетаётган - "Навбаҳор"
Наманганликлар биринчи давранинг сўнгги ўйинида анча мураккаб вазиятдан чиқиб кетганига гувоҳ бўлдик. "Нассажи" ҳисобда олдинга ўтиб олгач, вақтни чўзиши ва провакацияга моил ҳаракатлари билан ортга 3 очко билан қайтмоқчи эди. Захирадан ўйинга қўшилган Ўрунов рақиб мудофаасини остин-устун қилиб ташлади. Айнан шу ғалаба "лочинлар"нинг кейинги босқич учун имкониятларини сақлаб қолгани бор гап. Эндиликда, улар 2 ўйинни меҳмонда ўтказади. Ҳиндистон ва Эрон сафарларида жамғарилган 4 очко катта эҳтимол билан кейинги босқич йўлланмасини бизга тақдим этиши мумкин. Агар бу 6 очкога айланса, унда камида 2 ўринни эгаллаган жамоалар орасидаги энг яхши натижа "Навбаҳор"га тегишли бўлиши ҳеч гап эмас. Албатта, "Ал Ҳилол" билан боладиган Намангандаги "бомба" ўйинни ҳам унутмаслик лозим. Агар юқоридаги икки сафар баҳсида 6 очко қўлга киритилса, Наманганда гуруҳ пешқадамлиги учун тўқнашув гувоҳи бўлишимиз ҳам ҳеч гап эмас.
"Э" гуруҳи. "Ал Наср"ни тўхтатиб бўлмаяпти!
Бизнинг минтақадаги сўнгги гуруҳда Саудия ва Эрон клублари кейинги босқич учун асосий даъвогар номини сақлаб турибди. Таркибида Каутино бор "Ал Духайл" эса, 3 ўйинда бор йўғи 1 очко жамғарди холос. Шунга қарамай, қатарликлар иккинчи даврада тезликни ошириши ҳеч гап эмас. Айнан шу омил энг яхши иккинчи ўринлар масаласида бурилиш ясаб юбориши мумкин. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Энг яхши иккинчи ўрин эгаллари ким?
Янги регламентга кўра, гуруҳдаги иккинчи ўринни эгаллаган барча жамоа кейинги босқич йўлланмасига эга чиқмайди. 5 та гуруҳдаги энг яхши иккинчи ўринни қайд этган 3 жамоа мусобақадаги юришини давом эттиради. Айни дамда улар орасидаги энг яҳши натида икки клубимизга тегишли.
"Навбаҳор" 7 очко. Тўплар нисбати: +4
"Насаф" 6 очко. тўплар нисбати: +2
"Персаполис" 6 очко. Тўплар нисбати: +1
---------------------------------------------------
"Сепахон" 4 очко (2 та ўйин). Тўплар нисбати +2
"Пахтакор" 3 очко. Тўплар нисбати: -2
Эроннинг "Сепахон" клуби "Ал Иттиҳод" билан ўз уйидаги ўйинни нейтрал майдонда ўтказишини ҳисобга олсак, Саудия Арабистони клубининг ғалабасини кутишимизга тўғри келади. Қисқаси, математика фани билан сўнгги турга қадар кўп шуғулланамиз.
Я.У
Фикрлар