Одил Аҳмедов: Ўруновнинг “Спартак”га ўтиши ўзбек футболи имижини кўтаради
Ўзбекистон терма жамоаси ва “Шахай СИПГ” ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов “Уфа”да ўйнаган Остон Ўруновнинг “Спартак” жамоасига ўтаётгани бўйича фикрларини билдирди.
"Мен Остон Ўруновнинг “Спартак”га ўтиши ҳақида кўп бора эшитдим ва умид қиламанки, ҳаммаси шундай бўлиб чиқади. Ўруновда жанговарлик сифати бор, ҳақиқий профессионал ва шунинг учун ҳам “Спартак”да ўйнаб кетишига ишонаман.
Мен Остонни яхши биламан. Бир марта Ўрунов “Уфа”ни уялтириб қўймаслиги ҳақида Вадим Евсеевга ҳам хабар ёзгандим, гарчи илгари у билан ҳеч қачон мулоқот қилмаган бўлсам ҳам. Охир-оқибат шунақа бўлиб чиқди. Остон Ўрунов “Спартак”даги ўйини орқали ўзбек футболи имижини кўтара олишига аминман. Энди Ўзбекистонда кўпчилик “Спартак” жамоасига мухлислик қила бошлайди.
Менда Тедесконинг телефон рақами йўқ, уни танимайман, агар билганимда унга ҳам хабар юборган бўлардим", - дейди Одил Аҳмедов.
Таъкидлаш жоизки, Остон Ўрунов Тошкентнинг “Локомотив” жамоасидан “Уфа”га 200 минг евро эвазига кўчиб ўтганди. “Спартак” уфаликлар таркибида ишончли ўйинлари билан қатор клублар эътиборини жалб қилган футболчимиз трансфери учун 2 миллион евро тўлашга рози бўлган. Остоннинг Москвадаги маоши йилига 600 минг еврони ташкил қилиши айтилмоқда.
Ўз навбатида, Остон Ўруновнинг Одил Аҳмедов билан муносабати яхши. 19 ёшли футболчи терма жамоа сафида Одил Аҳмедовдан маслаҳат олгани ва терма жамоа сардорининг гаплари унинг ўйин услубига таъсир қилганини тан олган эди. Ўшанда Одил ёш футболчига рақибларни алдаб ўтишга киришиб кетмасдан, битта ўйинчини ортда қолдиргандан кейин тўпни жамоадошларига етказиб беришни тайинлаган. Остон ҳамон шу маслаҳатга амал қилишини эътироф этганди.
Фикрлар