Одилжон Асланов: "Рақибим кучли эканлигини билардим"

  • 6 январь, 2021, 18:04
  • 0
  • Бокс

2-8 январь кунлари Россиянинг Сочи шаҳри бокс бўйича "Лига ставок" турнирига мезбонлик қилиши ҳақида хабар бергандик. Мазкур турнир жамоавий тарзда ўтказиладиган бўлиб, Россиянинг машҳур боксчилари ўзларининг жамоасини тузган ва улар бир-бирига қарши ғолиблик учун баҳс олиб борадилар. Аҳамиятли жиҳати ушбу турнирда Мурат Гассиев жамоаси таркибидан икки нафар ўзбекистонлик боксчи 75 кгда Одилжон Асланов ҳамда 59 кг вазнда Шукуржон Раҳимов ҳам ўрин олган бўлиб, кеча улар Димитрий Бивол жамоасидаги рақибларига қарши жанг қилиб, ғалабага эришганди. Айниқса, Одилжон Асланов маҳоратли Андрей Ефременко билан шиддатли баҳс олиб борди.

Биз Одижон Аслановнинг ушбу жанг ва умуман турнир ҳақидаги таассуротлари билан қизиқдик.

- Жанг жуда қийин бўлди. Шукрки, ғалабага эришдим. Рақибимни кучли эканлигини билардим. Чунки унинг эришаётган натижалари ҳам буни айтиб турганди. Турнир ажойиб тарзда ўтаяпти. Кейинги рақибим ким бўлишига энди, аниқлик киритилади. Бошқа жамоалар ҳам ўзаро беллашганидан сўнг маълум бўлади. Албатта, бизга ишонч билдирганларни уялтириб қўймасликка, яхши натижалар қайд этишга ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!