ЎФA раҳбарияти футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига табрик йўллади
Литвада футзал бўйича жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси охирги турдаги биргина ғалаба эвазига илк бор зафар қучди ва биринчи марта плей-оффга йўл олди. Ушбу муваффақиятдан сўнг ЎФA раҳбарияти футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига табрик йўллади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
- Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоамиз тарихий натижа қайд этди. ФИФA томонидан ўтказилаётган жаҳон чемпионатларидаги илк ғалабасини қўлга киритди. Ушбу ғалаба эса гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган ҳолда мундиалнинг нимчорак финалига йўлланма қўлга киритишимизга сабаб бўлди. Барча футзалчиларимиз, мураббийлар штаби, делегация раҳбари, тиббий штаб, менежер, администратор ва медиа мутахассислари, шунингдек, жамоамизни Литвада қўллаб-қувватлаётган ҳамда экран орқали мухлислик қилаётган барча ишқибозларни ушбу ғалаба билан ЎФA номидан, қолаверса, бутун футбол жамоатчилиги номидан табриклаймиз!
Ўзбек футболи ва футзали учун бу жуда катта ғалаба. Чунки жамоавий спорт турларида ҳам энг юқори даражадаги турнирларда юқори натижалар қайд эта олишимизга ишонч ортди. Энг муҳими, жамоаларимиз ғалабасини соғиниб яшайдиган мухлисларимизга байрам кайфиятини тақдим этилди. Футзал терма жамоамиз катта йўлни босиб ўтди, энг кучлилар билан рақобатлашди, Испания ва Португалияда ўтказилган йиғинларда тажриба тўплаб, тайёргарликни юқори даражага олиб чиқди. Aлбатта, биз кейинги босқичда ҳам жамоамизга ишонамиз ва омад тилаймиз! - дейилган табрикда.
Фикрлар