ЎФАда раҳбарият ва мураббийлар билан мажлис бўлиб ўтди

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигида ўтган йиғилишда барча терма жамоаларнинг бош мураббийлари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот тингланди.

Йиғилиш давомида ҳар бир ёш тоифасидаги мураббийлар ўз ишига замонавий, режали ва бугунги кун жаҳон футболидаги талабларга мос равишда ёндашиши зарурлиги таъкидланди. Тайёргарлик жараёнида замонавий технологиялардан фойдаланиш, мураббийлар штабида эса доимий равишда таҳлилчилар, селекционерлар ва тўлиқ тиббий таркиб бўлиши талаб қилинди. Бу борада мураббийлар кенгашининг тажрибали вакиллари ҳамда футболимизнинг Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев каби етук мутахассислари ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди.

“ЎФА мураббийларга барча шароитлар тақдим қилади ва ўз навбатида юқори талаблар ҳам қўяди. Ўтказилган учрашувлар, бўлажак рақиблар, ҳар бир футболчининг хатти-ҳаракатлари синчковлик билан ўрганиб чиқилиши ва таҳлил этилиши зарур. Дунё футболи билан ҳамнафас бўлиш, таҳлилий ва танқидий ёндашиб, ўз устида ишлаган ҳолда натижаларни яхшилаб бориш ҳар бир мураббийнинг вазифаси”,-деди Равшан Эрматов.

Йиғилишда шунингдек, болалар-ўсмирлар ва аёллар футболини ривожлантириш, ички чемпионатлар нуфузини ошириш, турнирларга футболчиларни нафақат жисмонан, балки руҳан тайёрлаб бориш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Футзал терма жамоасининг Жаҳон Чемпионатидаги иштироки ижобий баҳоланди. Ўз навбатида, футзални янада ривожлантириш учун ўйинчилар етиштириб беришда алоҳида тизим йўлга қўйиш, бу борада академиялар ташкил этиш каби таклифлар билдирилди.

Мутахассислар томонидан олдинда турган мусобақаларга тизимли тайёргарлик кўриш режаси ишлаб чиқилиб, барча ёш тоифасидаги жамоалар учун татбиқ этиш вазифаси қўйилди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!