Оғир атлетика. Яна 2 нафар вакилимиз Туркиядаги турнирда шохсупага кўтарилди
Туркиянинг Анталя шаҳрида оғир атлетика бўйича 3 карра Олимпиада чемпиони Наим Сулаймонўғлу хотирасига бағишланган халқаро турнир якунига етди.
МОҚ матбуот хизматининг хабар беришича, мусобақанинг охирги кунида Ригина Адашбоева (-87 кг) ҳамда Турсуной Жабборова (+87) шоҳсупага кўтарилишди.
Ригина Адашбоева даст кўтаришда 98 кг натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Силтаб кўтаришдаги 121 кг ва икки курашдаги 219 кг унга мазкур йўналишларда бронза медалларни тақдим қилди.
Турсуной Жабборова энг юқори вазн тоифасида тенгсиз эканини яна бир карра исботлади. Қашқадарёлик спортчимиз мусобақани 239 (108+131) кг билан мутлақ чемпион сифатида якунлади.
Мусобақа якунида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Нигора Абдуллаева эса аёллар ўртасидаги энг яхши спортчи деб топилди.
Фикрлар