Оладиган борми? “Реал” юлдузига нарх белгилади

Испания чемпионатида пешқадамликни қўлга олган Мадриднинг “Реал” клуби ёзги трансфер ойнасида ярим ҳимоячи Эдуарду Камавингани сотиш масаласини кўриб чиқишга тайёр.

Fichajes нашри маълумотига кўра, клуб раҳбарияти футболчининг амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилса-да, мавсум тугагандан кейин ярим ҳимоячининг жамоадан кетишини истисно қилмаяпти.

Шу билан бирга, “Реал” футболчининг трансфери учун кўриб чиқишга тайёр бўлган аниқ суммани ҳам белгилаган — 75 миллион евро.

“Қироллик клуби”да Камавинганинг кетиши келаси ёздаги энг муҳим сотувлардан бири бўлиши мумкинлигини тушунишмоқда ва тушадиган маблағ жамоа таркибини қайта қуришни қисман молиялаштиришга ёрдам беради.

Эҳтимолий харидорлар орасида “Манчестер Юнайтед” тилга олинмоқда, чунки клуб 23 ёшли футболчи атрофидаги вазиятни диққат билан кузатмоқда.

Бундан ташқари, Камавингага Европа топ-клубларининг яна бир нечтаси ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумотлар бор.

Эдуарду Камавинга “Реал”га 2021 йилда ўтган, аммо ҳалигача асосий таркибда доимий футболчи сифатида мустаҳкам ўрин эгаллай олмаган. Жорий мавсумда у Ла Лигада фақат 10 та ўйинда бошланғич таркибда майдонга тушган.

Transfermarkt портали марказий ярим ҳимоячининг бозор қийматини 50 миллион евро деб баҳоламоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!