Олимпиада ғолиби Акбар Жўраев чемпионликдан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди
Оғир атлетикачимиз Акбар Жўраев Токио-2020 Олимпия ўйинларида делегациямизнинг учинчи медални олиб келди. Ҳамюртимиз жамоамиз ҳисобига олтин медални қўшиб қўймоқда.
Даст кўтариш машқида 193 кг натижа қайд этиб, рақобатчиси арманистонлик Симон Мартиросяндан 2 кг ортда қолаётган Жўраев силтаб кўтариш машқи якунида рақибини катта фарқ билан ортда қолдириб делегациямиз ҳисобига олтин медаль қатори Олимпиада рекордини ҳам қўшиб қўймоқда. Умумий натижа 430 кг! Спортчимиз чемпионликдан кейинги фикрлари билан ўртоқлашди:
"Ҳаяжон жуда катта. Аввало, Президентимизга катта раҳмат айтмоқчиман. Бундан ташқари, мени қўллаб-қувватлаб турган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ушбу ғалабамни юртимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишладим. Париж Олимпиадасида ҳам худди шундай медаль олишга бор кучим билан ҳаракат қиламан.
Ушбу ғалабам фақатгина меҳнат ва омад эвазига қўлга киритилди, деб ўйлайман. Барча мураббийларим, менга мухлислик қилган ҳаммага раҳмат айтаман.
Барча ҳаваскор ёшларга спорт билан шуғулланишни, машғулотларни охиригача олиб боришни тавсия қилган бўлардим".
Фикрлар