Олимпиада машъаласи Грециядан Японияга етиб келди
Грецияда (қадимги Юнонистон) бу йил Токио шаҳри мезбонлик қиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг машъаласини топшириш маросими бўлиб ўтди. Тантанали маросимга 1896 йил замонавий Олимпия ўйинларини қабул қилган Афинадаги “Панатинаикос” стадиони мезбонлик қилди. Коронавирус пандемияси сабаб мазкур тадбир ҳам мухлисларсиз ўтказилди.
Машъала грециялик Рио Олимпиадаси чемпионлари Екатерини Стефаниди (лангарчўпга таяниб сакраш) ва Элефтериос Петрунис (спорт гимнастикаси) томонидан аланга олдирилди.
Бундан ташқари маросимда 2 нафар маъбуда кўринишидаги вакил иштирок этди. Улар қисқа эстафетадан сўнг машъалани Греция МОҚ раҳбари ва ХОҚ аъзоси Спирос Капралосга топширди. Кейин эса жаноб Капралос машъалани тантанали равишда Токио-2020 ташкилий қўмитаси вакили Наоко Имотога узатди.
“Инсон саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган ҳолат сабаб биринчи бор эстафетада узилиш қилдик. Бироқ бу ҳол билан Олимпиада машъаласи ўз мавқейини йўқотмайди. Афсуски, машъала аввал режалаштирилганидек ўтмайдиган бўлди. Греция Миллий олимпия қўмитаси Японияга машъалани бирдамлик ва дўстлик ришталари билан узатмоқда. Ният қилиб қоламанки, Олимпиада машъаласининг эстафетаси мамлакатингиз учун қувонч ва умид олиб кирсин. Барчага омад”, – деди Спирос Капралос.
Яна бир аҳамиятли жиҳати ушбу тадбир учун журналистлар аккредитациядан ўтказилмади. Натижада унда бирорта ОАВ ходимлари иштирок этолмади.
Даставвал мазкур тадбир 55 нафар актёр ижросида саҳналаштирилган шоулар билан ўтиши, шунингдек, унда Грециянинг янги Президенти Катерина Сакелларопулу ҳам қатнашиши режалаштирилган эди.
Бироз аввал машъала Токио шаҳрига етиб борди. 24 июлга қадар давом этадиган эстафетани япон заминида дзюдо бўйича уч карра Олимпиада чемпиони Тадахиро Номура ҳамда аёллар кураши бўйича уч карра Олимпиада чемпиони Саори Ёшида бошлаб бердилар. Яна бир аҳамиятли томони улар самолёт трапидан тушиш вақтида “Токио Олимпия марши” симфоник мусиқаси янграб турди. Айнан ушбу мусиқий асар 1964 йилги Токио Олимпиадаси учун яратилган эди.
Манба: МОҚ матбуот хизмати
Фикрлар