"Олимпик" сафига тажрибали ўйинчиларни қўшмаймиз, буни кераги йўқ". Кападзега терма жамоа ва клубни параллел равишда бошқариш халақит қилмайдими?
Янги ташкил этилган “Олимпик” клуби шу йил бошида про лига мусобақасига қўйилганди. Бундан кўзланган асосий мақсад Парижда ўтказиладиган Олимпиадага таркибни ҳозирдан шакллантириб боришдир.
Унинг бош мураббийи этиб ёшлар терма жамоамиз устози Тимур Кападзе тайинлангани ҳам бежиз эмас. Клуб сафида асосан терма жамоага номзод футболчилар тўп суради. Буни қарангки, “Олимпик” про лигадаги дебют мавсумидаёқ, Суперлига “чипта”сини қўлга киритиб қўя қолди. Улар плей-оффда Суперлига вакили “Машъал”ни 3:1 ҳисобида доғда қолдирган ҳолда кучлиларнинг янги аъзосига айланди.
Тимур Кападзенинг ўзимизни қизиқтирган айрим муҳим масалалар бўйича фикри биз учун муҳим эди. Шу мақсадда Sports.uz мухбири “Олимпик” бош мураббийи билан алоқага чиқди. Аввало, мураббийни “Олимпик” билан Суперлигага чиққани учун муборакбод этдик ва табиийки, Кападзе дастлаб элитагача босиб ўтган йўл хусусида тўхталди.
- Табрик учун раҳмат. Албатта, хурсандмиз. Бир йил давомида анча иш бажардик, ҳаракат қилдик. Охир-оқибат меҳнатларимиз бесамар бўлмаганидан мамнунмиз. Чунки ёшлар билан ишлашда ўзига яраша катта ҳажмдаги ишни олиб бориш талаб қилинарди. Уларни ўсиш пайти. Ҳар бир йўналиш бўйича йигитлар билан иш олиб бордик. Кўрганингиздек, футболчиларимиз яхшигина ўсишга эришди. Жисмонан, техник-тактик жиҳатдан, индивидуал томондан, умуман ҳар тарафлама уларни кучайтиришга ҳаракат қилдик. Охирги ўйинимиз билан нуқтани қўйдик. Йил бошида мақсадимиз Суперлигага чиқиш эди. Аниқ мақсад бўлмаса, ўсиш ҳам унчалик бўлмасди. Ана шу вазифамиз сари интилдик, ҳаракат қилдик ва ишладик. Тўғри, сизни фикрингизда ҳам жон бордир, лекин, барибир бир йил ичида анча иш қилинди. Муҳими, биз тўғри йўлдалигимизни кўрсатдик. Албатта, бизнинг асосий мақсадимиз Олимпиадада юртимизга олтин медаль олиб келиш. Бу йўлда про лигадаги тайёргарлигимиз ва энди Суперлигага чиққанимиз, Осиё чемпионати ва Осиё ўйинлари, Олимпиадада қатнашиб, у ердан олтин медаль билан қайтиш учун биз босиқма-босқич вазифаларни бажариб келяпмиз. Кўраётганингиздек, асосий мақсадимиз йўлида кичикроқ вазифаларимизни бажаряпмиз. Бу йўлда ишлашда давом этамиз. Суперлигага чиққанимиз эса янада фойдали бўлади. Йигитлар кучлироқ рақибларга қарши ўйнайди. Суперлигага чиққанимиз нафақат сюрприз, балки шунга қараб ҳаракат қилиб келгандик. Меҳнатимиз ва ҳаракатимиз билан Суперлига йўлланмасини қўлга киритдик. Келаси йили ишимиз янада кўп бўлади. Суперлига ўйинларидан ташқари, терма жамоамиз билан Осиё чемпионатида қатнашамиз. Ўйлайманки, келаси йили биз янада катта тажриба тўплаймиз. Олдимизга қўйилган вазифаларни ёруғ юз билан уддалаб, мухлисларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.
“Олимпик” таркиб жиҳатидан жуда ёш. У ердаги футболчиларни ҳали кўпчилик билмайди ва танимайди. Лекин Кападзе мана шундай истеъдодли ёшлар билан натижа кўрсата олишини ҳам исботлаяпти. Суперлига эса энди бу бошқа даража. Бизни қизиқтираётгани шундаки, Тимур Кападзе у ерда ҳам асосан ҳозирги ёш таркиби билан иштирок этадими ёки жамоага тажрибалироқ футболчиларни ҳам жалб қиладими? Бош мураббийга мазкур савол билан мурожаат қилганимизда жавоби қуйидагича бўлди:
- Суперлигада жамоамизга ёши катта тажрибали ўйинчиларни қўшмаймиз. Бизга бунинг кераги йўқ. Ёшларимизни ўйнатишимиз ва ўстиришимиз керак. Чунки қўл остимиздаги йигитларни кучли қилишимиз лозим. Менимча, бу ўйинчиларимиз билан Суперлигада ўзимизга керакли натижаларни қўлга кирита оламиз, бунга ишонаман. Албатта, таркибга яна ёш иқтидорли йигитларни жалб қиламиз. Суперлигадаги ўйинлар орқали тажриба йиғамиз ва янада кучли бўламиз.
У “Олимпик”дан ташқари ёшлар терма жамоамизга ҳам устозлик қиляпти. Табиийки, Кападзе бир вақтнинг ўзида иккита жамоа бош мураббийи! Аммо ЎФА раҳбарияти томонидан шундай дейилгандики, терма жамоа бош мураббийи клубда ишламаслиги ва бор эътиборини фақат термага қаратиши кераклиги айтилганди. Хўш, бу масала бўйича Тимур Кападзе қандай йўл тутмоқчи?
- Мен бошқа клубда ишламаяпман. Тўғри, терма жамоа бош мураббийиман. Аммо “Олимпик” бегона клуб эмас. Айнан терма жамоа учун иқтидорли ўйинчиларни “Олимпик”да тайёрлаяпмиз. Термада ҳам, клубда ҳам битта иш қилаётганимизга аминман. Иккала жамоа мен учун битта. Ўйлайманки, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бу мени ёки бировни эмас, ҳаммамизнинг жамоамиз. Ёшларимизни қанча яхши даражада тайёрлай олсак, бундан фақат ёшларимиз ютади. Тўғри, регламент бор ва бунга амал қиламиз. Мени асосий вазифам “Олимпик”ни тайёрлаш, терма жамоа йиғилганида клубдаги ўйинчиларни ҳамда бошқа футболчиларни чақириб, бирга ишлаш ва яхши жамоани шакллантириш. “Олимпик” билан ҳам битта вазифа йўлидамиз. Терма жамоа ФИФА кунларида йиғилади. Ҳеч қанақа муаммо бўлмайди.
Суперлига иштирокчисининг олдига қўйилаётган талаблар анча жиддий. “Олимпик” бир йиллик жамоа сифатида катта сакрашга эришди. Бироқ улар ташкилий ишлар бўйича ҳам Суперлигага тайёрми? ПФЛ томонидан қўйилган талабларни қисқа фурсат ичида бажара оладими? Бунга Кападзе шундай деди:
- Албатта, Суперлигадаги талабларни биламиз. Менимча, кейинги йилга про лигада ҳам шунақа талаблар қўйилади. Ҳаракат қиламиз, катта муаммо бўлмайди. Бизда U-18 жамоамиз бор. Ўринбосарлар жамоасига келсак, бу ёшдаги ўйинчилар у ерда ҳам тўп суриш эҳтимоли бор. Қўл остимдаги 2001-2003 йиллардаги йигитлар ҳам ўринбосарлар таркибида ўйнай олади. Аёллар жамоаси ва футзал бўйича раҳбарият билан режа тузамиз. Асосий мақсадимиз аниқ. Қаерга ва нима учун тайёргарлик кўряпмиз? Ҳаммаси маълум. Ўз йўлимиз бўйича ҳаракат қиламиз. Албатта, қишки йиғин бўйича режа тузяпмиз. Декабрь ойида йиғинимиз бор. Январь-февраль давомида яхши тайёргарлик кўрамиз. Хорижда йиғин ўтказамиз. Ҳаммасини режа бўйича амалга оширамиз.
Мураббий билан мулоқотимиз якунида ундан чемпионатда ўзини кўрсатган энг яхши уч нафар мураббийлар сифатида кимларни ҳисоблашига ҳам қизиқдик.
- Мураббийларга келадиган бўлсак, Рўзиқул Бердиев, Улуғбек Бақоев ва Миржалол Қосимовни айтган бўлардим. Улар натижа ва иш бўйича ҳам кучли мутахассисларимиз саналишади. Рўзиқул ака кубок финалида “Пахтакор”ни ютди, ундан олдин ярим финалда АГМКни мағлуб этди. ОФК кубогида финалгача борди. Бердиев бу йил яхши натижаларни қўлга киритди. Бақоевни “Сўғдиёна” билан эришган ютуғи унинг кучлилигини ва яхши иш олиб бораётганини билдиради. Миржалол ака ҳам кучли мутахассисларимиздан бири. Албатта, қолган клубларимизда ҳам яхши мураббийлар иш олиб боряпти. Ҳаммасига омад тилайман. Янада яхши натижалар кўрсатишсин. Мураббийларимиз қанча кучли бўлса, футболимиз ҳам яхшироқ ривожланиб бораверади. Бунда футболчиларимиз ҳам ўсади ва тажрибасини оширади, - дея фикрини якунлади Кападзе.
Фикрлар