"Олой" устози: "Насаф" ҳатто "Пахтакор" билан ҳам биринчи рақам бўлиб ўйнайди, Бердиев тактик томондан кучли мураббий"

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилаётган ОФК Кубогининг гуруҳ босқич ўйинлари давом этмоқда. Хабарингиз бор, илк турда “Насаф” Қирғизистоннинг “Олой” клубига ҳеч қандай имконият қолдирмади – 4:0. Энди эса иккинчи турда қаршиликлар Тожикистоннинг “Хўжанд” жамоаси билан, “Олой” эса Туркманистоннинг “Олтин Аср” клуби билан беллашади.

Айтиш мумкинки, “Олой” жамоасига биринчи турда “Насаф” ижросида қандай ўйин кўрсатиш кераклиги бўйича мастер-класс ўтказилди, десак муболаға бўлмаса керак. Ҳисоб эса янада йирик кўриниш ҳосил қилиши ҳам мумкин эди.

Бундай ўйинлар “Олой” клуби учун тажриба мактабини ўтайди. Жамоа устози тожикистонлик Нўъмонжон Юсупов мусобақадан аввал “Насаф”га мусобақа фаворити дея таъриф берганди. Демак, у қаршиликларни ҳар томонлама ўрганиб чиққан. Аммо жамоасида ижрочилар етишмовчилиги кўриниб қолди. Ўйин сифати ҳам шунга яраша.

“Олой” бош мураббийи “Насаф”га қарши ўйин ва бўлажак баҳс олдидан sports.uzга ўз фикрларини билдирди.

- Жамоангизга қарши баҳсда “Насаф” яққол устунлик қилди. Ўша учрашувда рақибдан нимани ўргандингиз?

- Биз ўйингача ҳам “Насаф” клубининг қандай кучга эгалигини билгандик. Шунга қараб тактика танлагандик. Футболчилар биринчи бўлимда кўрсатмаларни тўғри бажаришди. Иккинчи таймга келиб рақибнинг тажрибаси барибир ўз сўзини айтди.

- Тўғри, танаффусгача “Олой” яхши қаршилик кўрсатди. Лекин иккинчи бўлимда ҳаммаси ўзгариб кетди. Танаффус пайтида ўйинчиларга нима дегандингиз?

- Албатта, танаффус пайтида ҳам керакли тушунчалар бергандик. Айниқса, футболчиларга иккинчи бўлимда бўш ҳудудлар қолдирмасликни ва имкон бўлиши билан худди биринчи бўлимдагидек қарши ҳужумга ўтишлари зарурлиги ҳақида таъкидлагандим.

юсупов_2

- Рақибдан айнан шундай ўйин кутганмидингиз?

- Албатта, биз рақибдан бундай ўйинни кутгандик. Сабаби, “Насаф” ҳатто “Пахтакор” билан ҳам биринчи рақам бўлиб ўйнайди, Қаршида. Шундай экан, сизга олдин айтган гапимни яна такрорлайман: “Насаф”ни нафақат гуруҳ, балки мусобақа фаворити деб ҳисоблайман.

- “Насаф” таркибида қайси футболчиларни алоҳида айтган бўлардингиз?

- “Насаф” бутун жамоа сифатида яхши ўйнади. Аммо, кўпроқ Ойбек Бозоров, Шерзод Насруллаев қанотларда фаол тўп сурдилар. Шу билан бирга Марко Станоевични қўшимча қилишим мумкин.

- “Олой” бундай ўйини билан гуруҳдан чиқа олмайди. Асосий вазифа нима?

- Жамоамиздаги кўп футболчилар ёшлардан ташкил топган. Улар бундай турнирда илк бор қатнашишяпти. Ўз имкониятимиздан келиб чиқиб, имкон қадар ёшлар билан яхшироқ қатнашишга ҳаракат қиламиз.

- Йирик мағлубиятдан кейин жамоани навбатдаги учрашувга қандай руҳлантиряпсиз?

- Биз футболчилар билан гаплашиб олдик. Худо хоҳласа, эртанги учрашувда чиройли ўйин кўрсатамиз.

юсупов2

- Рўзиқул Бердиев ҳақида фикрингиз қандай? У билан шахсан танишмисиз?

- Рўзиқул Бердиевни тактик томондан кучли мураббий деб биламан. У буни аллақачон исботлаб бўлган. Биз таниш эмасмиз, мана энди танишдик (кулади).

- Сунъий майдон жамоа ўйинига ҳалақит қилмаяптими?

- Сунъий майдонда тўп суриш оз-моз ноқулай. Аммо бу баҳона эмас. Майдоннинг ҳолати аъло даражада. Демак, бу масалада муаммо йўқ. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!