Омон Ғофуров Бекободда мавсумга тайёргарлик жараёни билан танишди

Кеча Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директори Омон Ғофуров Бекободга ташриф буюрди ва "Металлург" футбол клубининг янги мавсум – 2019 йилги Суперлига мусобақасига қандай тайёргарлик кўраётганлиги билан яқиндан танишди. 
 
ЎзПФЛ раҳбарияти даставвал “Металлург” марказий стадионида бўлди ва 29 март санасида 2-турнинг “Бухоро”га қарши ўтказиладиган учрашувига тайёргарлик жараёнини кўздан кечирди. Янги мавсум арафасида стадионда олиб борилган таъмирлаш ишлари ПФЛ раҳбариятига манзур бўлди. Айни пайтда Бекобод шаҳри бош ўйингоҳи ўзгача чирой касб этган. Стадион трибуналарида ўриндиқлар янгиланган, оилавий, ногирон спортчилар учун махсус секторлар ажратилган ва барча қулайликлар яратилган.
 
Нуфузли меҳмонлар учун VIP ҳам CIP секторлари ҳам қайта жиҳозланган. ОАВ воситалари ходимлари, ТВ ҳамда РВ шарҳловчилари учун алоҳида хоналар барча қулайликлари билан тартибга келтирилган. Энг асосийси меҳмонлар майдоннинг бугунги ҳолатидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилишди. Суперлига баҳслари арафасида “Металлург” марказий стадионининг суғориш тизими замонавийлаштирилди, дренаж ишлари қайтадан кўриб чиқилди. 
 
Омон Файзуллаевич раҳбарлигидаги гуруҳ аъзолари футболчиларнинг кийиниш, ювиниш хоналари, ҳакамлар, назоратчи, комиссар хоналарини кириб кўришди. U-21 учрашувлари ўтказиладиган “Металлург” стадионида бўлишди. Футбол академияси тарбияланувчилари учун қайта таъмирдан чиқарилган ётоқхона, Бекобод шаҳри ҳокимлиги қарорига биноан янги академия майдонларини қуриш учун ажратилган ер участкаси, қурилиш лойиҳа макети билан танишишди. Профессионал футбол клубини яратиш борасида Бекобод шаҳрида олиб борилаётган ишлар ЎзПФЛ вакилларида илиқ таассурот қолдирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!