Ўқинг қизиқ: Руҳиятда ишончнинг пайдо бўлиши
Ads

«Насаф» жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев билан ака-ука бўлганимиз учун болалигимиздан тўпни ортидан югуриб, бирга катта бўлганмиз.

Рўзиқул Тошкент давлат жисмоний тарбия институтининг биринчи босқич талабаси бўлган пайтда мен Миллий университетнинг  физика факультети 4-босқич талабаси эдим. У билан талабалар шаҳарчаси 86-ётоқхонасида битта хонада истиқомат қилардик. Ўша пайтлар мини футбол бўйича университет биринчилиги бўларди. Биринчи йили математика факультети (матфак) билан финалда ўйнаб Рўзиқул ёрдамида университет биринчилигини қўлга киритдик.

Рўзиқул талабалар шаҳарчасида физиклар истиқомат қиладиган ётоқхонада яшагани учун уни жисмоний тарбия институтида ўқишини ҳеч ким пайқамасди. Менимча ҳамма уни физик деб ўйларди.Талабалар шаҳарчасида ҳар куни кечки салқин футбол ўйнардик. У «футболчи» сифатида талабалар шаҳарчасида танила бошлади.  Матфак талабаларининг «махфий хизмати» яхши ишлади шекилли, орқаворотдан сўриштирув ишларини яхши олиб бориб, уни жисмоний тарбия институти талабаси эканлигини фош қилишди. Иккинчи йил университет биринчилигида матфак  талабалари билан яна финалда ўйнадик. Улар Рўзиқулга ўйнаш имконини беришмади ва биз финалда ютқазиб қўйдик.

Талабалар шаҳарчаси яқинида «Маданият» техникумининг мўъжазгина чимли стадиони бўларди. Бу майдон бизнинг энг севимли масканларимиздан бири эди. Бу маскан футболни яхши кўрувчи талабалар билан ҳар куни гавжум бўларди. Биз деярли ҳар куни барчадан эртароқ бориб жарима зарбалари тепишни машқ қилардик. Кўпинча 11 метрли белгидан ким кўп гол уришдан баҳс бойлашардик. Бу эса ишга бўлган муносабат ва иштиёқни сақлаб қолиш учун бизга яхшигина мотивация воситаси бўлиб хизмат қиларди. Кўпинча у ютқазарди. Чунки у дарвозабонлик қобилияти билан унчалик мақтана олмасди. Рўзиқулни зарбасининг кучи анчагина залворли эди. Ютқазаётган вақтлари у кўпинча асабийлашарди. Кейин бор кучини зарбага қаратарди. Зарбаси қанчалик кучли бўлмасин  тўпни қаёққа теиши нима учундир менга олдиндан, «маълум» бўларди… Бу тажрибами ёки бошқа «нарса», буни у пайтлар тушунмасдим, лекин нима учундир унинг фикрини олдиндан ўқий олардим. Бунинг нима эканлигини бугунги кунда англаб етиб турибман.

Қоронғу тушгунча тўп тепардик. Гоҳида мени дангасалигим тутиб:

– Бўлди етар, нарсаларингни йиғиштир, кетамиз- десам, тилёғламалик қилиб аврашга тушарди:

– Хўп, майли. Сиз ўнта зарба тепасиз, мен бешта тепаман. Ким кўп гол урарига ўйнаймиз…Яна мақтаб, руҳлантириб ҳам қўярди: «Ҳой, менга қаранг,сиздан зўр дарвозабон чиқади!».

Билмадим, у қандай бўлмасин мендаги иштиёқни қайтаришга уринарди. У бунчалик кўп қувват ва иштиёқни қаердан оларди, тушунмасдим. Балки, унга унинг футболчи бўлиш орзуси тинчлик бермагандир. Танамнинг лат еган жойлари, унинг кучли зарбаларини қўлларим билан қайтарганлигим учун  қўлларимни зирқираб оғришидан кечаси ухлай олмайман. «Шу ҳам ишми? Зарур кебдими, менга шунча машаққат. Қасам ичиб айтаманки, эртага шу футболига бормайман!». Эртаси куни дарслардан кейин, кечки салқин, яна «куйдирган каллага»га ўхшаб тиржайиб турарди, «Ҳа, кетдикми?». Боксчилар таъбири билан айтганда мен унга «чучило» вазифасини бажариб берардим. Ҳар куни шу аҳвол. Бу ҳол, токи у «Янгиер» жамоаси билан шартнома имзоламагунча давом этган эди.

Хуллас, машғулотлар жараёнида ўзимиз билмаган ҳолда у меннинг дарвозабонлик қобилиятимни, мен эса уни жарима зарбаларини тепиш қобилиятларини шакллантирган эканмиз.

1998 йил охири, 2000 йиллар бошида Қашкадарё вилоят 2 – лигасининг савияси анча баланд эди. Бунга мисол тариқасида «Ҳисор» (Шаҳрисабз)  ва «Насаф» (Қарши) жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувини келтиришим мумкин. Ўйин «Ҳисор» жамоаси майдонида бўлиб ўтганди. Стадион мухлислар билан лиқ тўлди. Ўшанда ўйин анча асабий ва курашларга бой тарзда ўтганди. Ўйин «Ҳисор» жамоасининг 5 : 4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган эди. Ўша вақт «Насаф» жамоаси таркибида: Рўзиқул Бердиев, Зафар Холмуродов, Вали Келдиев, Баҳодир Аннаматов, Баҳром Ҳайдаров, Валентин Поддубний, Олег Каххаров сингари футболчилар тўп суришарди.

Ёки бўлмаса, бизнинг «Китоб» жамоамизда Самарқанддан легионерлар: Камо Газаров, Карен Адамиян, Илҳом Юнусов ва бошқа футболчилар келиб тўп суришарди. Умуман олганда 2 – лига савияси анча баланд эди. Бир гал чемпионатнинг навбатдаги учрашувини «Ҳисор» жамоаси билан ўтказишимиз керак эди. Шаҳрисабз Китоб туманига яқин бўлгани учун ўйинга йўловчи машиналарда етиб борган эдик. Ўйинга маълум сабабларга кўра якка-ю ягона дарвозабонимиз Олим Убайдуллаев келмади.

Бош мураббий, устозимиз Боқи Нуров (Худо раҳмат қилсин!) олдида дарвозабон муаммоси кундаланг турарди. Кийиниш хонасида у барчамизга қарата мурожаат қилди: – Хўш, дарвозага ким туради?  Ҳеч кимдан садо чиқмади… Ҳеч ким голлар ёмғири остида қолиб кетишни ҳоҳламаётганди. Ўзим ҳар доим майдон марказида тўп сурардим. Ҳамиша ўз ўйинимдан ва футболдан завқ олардим. Лекин, нима учундир шу куни ички туйғуларим «дарвозага тур!», дея бўйруқ берарди. Ўрнимдан турдимда: – дарвозага мен тураман, – дедим. Мураббий бир муддат менга ҳайрат билан қараб турдида, кейин ўз муносабатини билдирди:

– Сени бўйинг паст. Сен тўғри келмайсан. Ўзи, олдин хам дарвозага турганмисан?, – деб сўради бош мураббий.  Унинг юз – кўзидан менга ишонмаётгани яққол кўриниб турарди.

– Қўяверинг, тураман!, – деб, жавоб қайтардим ишонч билан.

Биласизми, мен ўзим ҳам нимадир қила оламан, деган туйғу қалбингизда такрорланмас лаззатланиш ҳолатини, роҳатланиш, завқ – шавқ ва чексиз қувонч ҳолатларини беради. Ўзингизни нимагадир қодир эканлигингизни ҳис қилишдан завқланиш ҳолати юзага келади. Шунақанги роҳатбахш, шунақанги шод – хуррамлик! Бўлганми шунақаси?

Қачонки сизда нимагадир интилиш, ниманидир исботлаш истаги пайдо бўлса, ўзингизни нимагадир қодир эканлигингизни ҳис қилишдан завқланиш ҳолати юзага келади. Танангиз ҳоҳишларингизга бўйсуна бошлаган пайтда ўзингизни нималарга қодир эканлигингизни билиб оласиз. Айнан мана шундай руҳий ҳолатда, футболчи руҳиятида ИШОНЧ ҳолати пайдо бўлади.

«Ҳисор» жамоаси билан бўладиган ўйин олдидан худди мана шундай руҳий жараённи бошимдан ўтказдим. Ўзимни руҳан ўйинга тайёрлай олгандим.

Ўйин тафсилотларига, яъни ўйин давомида нечта сейвни амалга оширганлигим, «Ҳисор» жамоаси футболчилари ҳатто икки метр масофадан ҳам гол ура олмаганлиги ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бу муҳим эмас. Энг муҳими, айнан мана шу «руҳий ҳолат»да сизнингдарвозабон сифатида илоҳий қудратингиз намоён бўлади. Сиз айни шу «ҳолат»да «маълумот»лар, «ахборот»лар оқими остида қоласиз. Сиз ўз фикрларингизни сўзсиз бошқаларга узата бошлайсиз, ўзгалар фикрини қабул қила бошлайсиз, ўзгалар танасини ҳис қила бошлайсиз, рақиб футболчиси тўпни қаёққа йўналтиришини олдиндан «кўра» бошлайсиз, жарима майдонида нима содир бўлишини олдиндан биласиз, майдондаги бутун жараённи назорат қила бошлайсиз ва яна сиздаги ўзингиз билмаган бошқа кўплаб қобилиятлар ишга тушиб кетади. Сизнинг руҳий қисмингизда барча «маълумот»лар бор. «Маълумот»лар сезги кўринишида келади. Фақат кўплаб вариантлар ичида энг тўғри вариантни тўғри танлай билиш керак. Дарвозабонликни асл моҳияти ҳам мана шунда.

Инсон руҳий қисмида мукаммал механизм мавжуд. Бизнинг вазифамиз бу механизмни эслаб қолиб, ўз ҳоҳишимиз билан уни ихтиёрий, онгли ва тўла тушунган ҳолда қўллаш.

Барибир, «Ҳисор» жамоаси билан бўлиб ўтган ўйиндан кейин энг асосий нарса содир бўлди. Кийиниш хонасига бош мураббий кириб келаркан, мени қучоклаганча футболчилар олдида эълон қилди:

– Менга дарвозабон(Олим Убайдуллаев)нинг энди кераги йўқ! Бундан кейин дарвозага ўзинг турасан!

Маҳмаюсуф Бердиев.