"Ўрнимга европалик мутахассисларнинг келиши ҳақида гап-сўзлар юрибди" - "Динамо" Ҳаким Фузайлов билан ҳамкорликни давом эттирмайди чоғи...
Самарқанднинг “Динамо” клуби ҳам “Нефтчи”дан кейин про лигада иккинчи ўринда эгаллаган ҳолда Суперлига йўлланмасини қўлга киритди.
Мавсум бошида жамоага бош мураббий сифатида таклиф этилган тожикистонлик Ҳаким Фузайлов ўз олдига қўйилган вазифани бажарди.
Келаси йилда ҳам Ҳаким Қаюмович “Динамо”ни бошқаришда давом этадими, деган саволга ҳозир ҳеч ким жўяли жавоб бера олмаяпти. Sports.uz мухбири мураббийдан қатор саволларга жавоб олди.
- “Динамо”да олдингизга қўйилган вазифани бажариб, жамоани Суперлигага олиб чиқдингиз. Самарқанддаги фаолиятингиздан қанчалик қониқдингиз?
- Нима дейишим мумкин? Ҳа, про лиганинг ҳам даражаси анча яхши. Ростдан у ерда 4-5 та жамоа ўз олдига Суперлигага чиқиш вазифасини қўйганди. Биз эса оз миқдордаги пул, ҳозирги таркиб ва кам маошлар билан Суперлигага чиқишга эришдик. Энди бу ёғига нима бўлади? Айтишим қийин. Чунки 30 ноябрь куни мени клуб тузган амалдаги шартномам якунига етган. Менга ҳозирча ҳеч қандай ҳужжатларни беришмади. Тўғриси, жамоанинг келажаги борасида ҳозирча аниқлик йўқ.
- Режангиз қандай? “Динамо” раҳбарияти сизга янги шартнома таклиф қилишмадими?
- Сизга яна бир бор айтаман: ҳозирча ҳеч қанақа аниқлик йўқ. Тахминан 10 кунлардан кейин Самарқандга қайтаман ва раҳбарият билан учрашаман. Лекин менинг ўрнимга европалик мутахассисларнинг келиши ҳақида кўплаб гап-сўзлар юрибди. Шундай экан, менга клубда қандай лавозим ҳамда вазифа юклашларини ҳозирча билмайман.
- Жамоага меҳнатингиз сингди. Оғир йўлни бирга босиб ўтдинглар. Ўрнингизга европалик мураббийларнинг олиб келиниши сизни ранжитмайдими?
- “Динамо” жамоасини Суперлигага олиб чиқа олганимдан хурсандман. Лекин бу менинг вазифам эди. Боя айтганимдек, ҳали аниқ маълумотлар йўқ ва менга “конкрет” таклиф билан чиқишмади. Хафа қилиш ёки қилмаслигига келсак, мураббийлик ҳаёти шундан иборат.
- Ҳаким Қаюмович, сизга юртимиздан ёки бошқа жойлардан таклифлар тушяптими? Қандай йўл тутмоқчисиз?
- Таклифлар бор, Ўзбекистондан ҳам, бошқа мамлакатлардан ҳам. Лекин аввал ўйлаб кўриш керак. Биринчи бўлиб Самарқанддаги вазиятга ойдинлик киритиб олишимиз лозим. Ана шундан сўнг янги иш жойини топиш билан шуғуллансак бўлади. Одатда, мен шундай ишлашга ўрганганман.
- “Динамо” клубининг сизлардан қарзи қолмаганми? Ҳаммаси тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганми?
- Молиявий томондан мутлақо муаммолар йўқ. Ҳаммаси яхши. У ерда маошлар катта миқдорда бўлмаган. Шунинг учун ҳам айтарли муаммолар юзага келмади. Бундан ташқари, клуб энг кичик бюджетга эга бўлган ҳолда вазифани тўлиқ бажарди.
- Шартномада “Динамо” Суперлигага чиқса, алоҳида бонуслар ҳам ёзилганми?
- Мен Самарқандга пул учун бормадим. Аввал бошиданоқ клубнинг олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилганини айтишган. Шу боис бу менга қизиқ туюлди. Боз устига 20 йил олдин ҳам Самарқандда ишлаганман. Статистик маълумотларга эътибор берсангиз, “Динамо” учун Ўзбекистон чемпионати тарихидаги энг яхши натижа бўлган. Ўшанда Ўзбекистон кубоги финалигача етиб борганмиз ва чемпионатда 4-ўринни эгаллаганмиз. Шу сабабдан ҳам Самарқанд мен учун асло бегона эмас. У ерда мен мураббий сифатида ажойиб хотираларга эга бўлганман. Табиийки, жамоани Суперлигага олиб чиқишга рози бўлдим.
- Бир йил давомида юртимизда ишладингиз ва айтинг-чи, Суперлига билан про лигада ўсишни кўрдингизми?
- Суперлига ҳақида гапирадиган бўлсам, бу етарли даражада қизиқарли чемпионат. Кўплаб ажойиб футболчилар бор. Шунинг учун Суперлигада кучли жамоалар бисёр. Албатта, бундай чемпионатда ишлаш жуда қизиқарли. Тўғри, камчиликлар ҳам бор. Лекин ҳозир бу ҳақида гапирмоқчи эмасман. Умуман олганда, Суперлигада футбол даражаси анча юқори. Про лигага келсак, учта жамоанинг Суперлигага чиққанининг ўзиёқ ҳаммасини айтиб турибди.
- Нима деб ўйлайсиз, “Динамо” раҳбарияти Суперлигада сизга ишонмаяптими?
- Бу саволга жавоб беришим жуда қийин. Жамоа олдига қўйилган вазифани бажардим. Яна бир марта айтаман: энг кам бюджет бизда эди. Мен жамоа учун масъул инсонлар ҳақида ортиқча гапиришни хоҳламайман. Энг асосийси, амалга оширган ишларимдан мамнунман. Яхши жамоани шакллантирдим, футболчилар ичидаги муҳит ҳам зўр бўлди. Жамоавий бирдамлик, ўйинларга доимо тайёр бўлганимиз эвазига ҳам вазифани бажардик.
Фикрлар