Ўрозов энди "Динамо"да ўйнамайди ёхуд турк клуби футболчимизни қанчага сотмоқчи?
10 декабрь куни юртимизда қишки трансфер ойнаси очилади. Бундай паллада футболчиларнинг “бозор”и авжига чиқади. Жумладан, Самарқанднинг “Динамо” клубида ярим мавсум тўп сурган иқтидорли ҳимоячи Жаҳонгир Ўрозов янги мавсумда жамоасини ўзгартиради.
Маълумки, футболчи ҳуқуқий жиҳатдан Туркиянинг “Эюпспор” клубига тегишли. Шу йилнинг ёзида Ўрозов ижара эвазига “Динамо” жамоасига ўтди. У ерда бош мураббий Вадим Абрамов кутилганидек футболчига тўлиқ ишонч билдирди. Натижада Жаҳонгир иккинчи даврада самарқандликлар сафида барча 13 та учрашувни деярли тўлиқ ўзгаришларсиз ўтказди ва 3 марта сариқ карточка билан сийланди. Кўриниб турибдики, ҳимоячи ўзига билдирилган ишончли оқлади.
Жаҳонгирнинг “Динамо” билан тузган ижара шартномаси якунига етди. Режага кўра, футболчимиз яна Туркияга қайтиб, “Эюпспор”нинг машғулотларига қўшилади. Маълумот учун, легионеримизнинг турк клуби билан амалда яна 3,5 йиллик шартномаси бор. Тез орада ўз жамоаси ихтёрига қайтади.
Биздаги маълумотларга қараганда, истеъдодли ҳимоячини ўз сафида кўришни истаётган Суперлигамизнинг бошқа жамоалари ҳам бор. Лекин футболчини трансфер қилмоқчи бўлган клуб камида 150 минг доллар тўлаши керак бўлади ёки клуби “Эюпспор” билан ижара шартномасини келишиши лозим.
Бундан ташқари, Россия чемпионатидан иккита клуб ҳам Ўрозовнинг хизматига қизиқиш билан қараётгани маълум. Бири премьер-лига вакили бўлса, яна бири премьер-лига йўлланмасини қўлга киритишга яқин турган клуб. Қолаверса, Туркиянинг “Анкарагюжю” жамоаси ҳам ҳамюртимизни ўз сафида кўриш истагида.
Жаҳонгир Ўрозов билан ҳамкорлик қилиб келаётган ва унинг менежери ҳисобланган Шахриёр Эшбоев футболчининг кейинги тақдири юзасидан шундай деди:
“Шу ойда Туркияга бориб, “Эюпспор” вице-президенти ва бош мураббийи Арда Туран билан футболчининг келажаги борасида гаплашамиз. Чунки ҳали клубда унинг қолиш-қолмаслиги аниқ эмас. Сабаби, жамоага кучли чемпионатлардан 10 дан ортиқ футболчилар келди. Англия, Испания, Грециядан номлари машҳур бўлган ўйинчилар олиб келинди. Масалан, “Ливерпул”дан, “Олимпиакос”дан кулчи футболчиларни жалб қилишди. Шелви ҳам ўша ерга борди. Менимча, ҳозирги ҳолатда рақобатга бардош берадими-йўқми, билмадим. Шу боис клубни масъул шахслари билан Жаҳонгир масаласида гаплашиб келамиз”.
Ўрозов билан боғлиқ воқеалар ривожини кузатамиз.
Фикрлар