Ўруновнинг юзи ёруғ бўлди, Юранники эса...
Россиянинг яқин ўтмишдаги машҳур футболчиси Сергей Юраннинг “Спартак” ярим ҳимоячиси Остон Ўруновнинг ёши 4-5 ёшга йилга кичрайтирилгани ҳақидаги иддаоси шов-шув келтириб чиқаргани баробарида, айни пайтда “СКА-Хабаровск” жамоасини бошқараётган мураббийнинг танқидлар остида қолиб кетишига сабаб бўлди.
Юраннинг Остон ҳақида исботсиз гапига жавобан турли даражада муносабатлар билдирилмоқда. Бу хабар бўйича “Спартак”нинг расмий муносабати ва “УФА” раҳбарининг жавобини келтириб ўтган эдик.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов ҳам вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ўз сўзини айтди.
- Мен Остон Ўруновни анчадан бери биламан. Унинг отаси ва акаси ҳам басавлат ва бақувват. Юқори жисмоний кўрсаткичлари қондан ва гендан ўтган. Шунинг учун ҳам, Юрандек мутахассисга бировни яхши билмай туриб, у ҳақида бутун мамлакатга бунақа овоза тарқатиш ярашмайди, деб ўйлайман, - деди Одил Аҳмедов.
Остон Ўруновга “Уфа”да устозлик қилган ва ўзбек легионерининг Россия футболида кўзга кўринишига катта ёрдам берган Вадим Евсеев ҳам шогирдининг қинғир ишга қўл урмаганини таъкидлади.
- Остоннинг ёши паспортда кўрсатилган. У ёшидан катта кўринмайди. Мен учун худди ёш боладай эди. Қолган гаплардан ҳамманинг хабари бор, - деди “Уфа”нинг собиқ бош мураббийи Вадим Евсеев.
- Менимча Юран нима деганини тушунмай гапирди. Албатта, ҳар қандай одамнинг туғилган санасини фақат ота-онаси аниқ айтиши мумкин. Ўзбекистонда ҳам ёшини кичрайтирган футболчилар аниқланган ҳолатлар бўлган. Лекин бу Ўруновга тегишли эмас.
Бир неча манбалар унинг ёши тўғри кўрсатилганини таъкидламоқда. Аслида тескариси бўлиш керак. Яъни, Юран ўз гапини исботлаб бериши керак, - деди россиялик журналистларга ўзбекистонлик футбол мутахассиси Алишер Никмибаев.
Таниқли журналист Илья Казаков ҳам Остон Ўруновнинг ёши бўйича мустақил журналист суриштирувини ўтказиб, ўзбек футболчисининг ёши ўзгартирилмаганини айниқлаганини маълум қилди.
- Ўрунов ҳақида ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан суҳбатлашдим. Мана улар нима деб ёзди: “Мексикада 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатидан кейин ёш футболчиларнинг барчасини синчковлик билан текшириш бошланган эди. Натижада икки йил муқаддам бир қанча мураббий ва футболчиларни бир умрга футболдан четлатишди. Ҳеч ким ёшни кичрайтириш умуман йўқ, демаяпти. Ҳозир бунга қарши қаттиқ кураш кетяпти. Ўруновнинг аниқ ёши текширилди. Остон туғилган Навоий шаҳри ФҲДЁ бўлими архивидан ҳужжатлар олиниб, туғуруқхона берган саналар билан солиштирилди. Ҳаммаси тўғри ва тоза”.
Бундан ташқари, айрим нашрлар Сергей Юран “Химки” жамоасини бошқараётганида “Спартак” раҳбарияти билан келишмовчилик юз бергани туфайли мураббий ўзича ўчини олишга ҳаракат қилганини ёзмоқда.
Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳозирги замонда ёшини беш йилга урган фуболчини аниқлаш қийин масала эмас. Бунга ҳожат ҳам йўқлиги кўриниб турибди. Муаммо шундаки, Остон Ўрунов ҳозир мураккаб даврни бошдан ўтказяпти. Ёш футболчи Россиянинг энг мухлиси кўп машҳур клубида ўз ўрнини топишга ҳаракат қилмоқда. Қолаверса, атрофида келажаги ҳақида ҳам турли гап-сўзлар айланяпти. Юраннинг бунақа бўлмағур иддаолари ёш футболчига босимни кучайтиришдан бошқа нарсага ярамайди. Кўпни кўрган футболчи сифатида Юран буни билиши ва ўз сўзига масъул бўлиши керак.
Фикрлар