Осиё кубоги. Амалдаги чемпион Қатар илк ўйинида қандай таассурот қолдирди?
18-бор ўтказилаётган Осиё кубогининг очилиш ўйинида Қатар ва Ливан терма жамоалари ўзаро куч синашди. Учрашувни кўрмаган одам Маркес шогирдларининг катта устунлик билан ғалаба қозонганлигини тахмин қилиши мумкин, лекин бу мураббий билан жамоа узоққа бора олмаслиги кечаги баҳсда маълум бўлгандек. Қуйида сабаблар билан танишамиз.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида мезбонлар кўп ҳам олдинга ўта олгани йўқ, чунки Ливан анча яхши ўйинга тайёргарлик кўрган экан. Автобус қўйиши кутилган Радулович баҳс бошидан жамоаси ҳавлироқлигини кўрсата олди. Айниқса, унинг шогирдлари прессингда ажойиб ишлади ва вақти - вақти билан ҳужум ташкил қилишга улгурди. Шу билан бирга, қатарлик ҳимоячиларни ҳам хато қилишга мажбур қила олди ва ҳимояда ҳам тартибли футбол кўрсатаётганди. Аммо даража барибир ўз сўзини айтди. Ливанликлар ҳатто бир-бирига тўп узатишга қийналди. Статистикага эътибор берсак, жамоа ўйинчилари биринчи бўлимда атиги 57 марта пас берди ва шундан деярли ярими ноаниқ. Қатар эса 9 та зарба берган бўлса-да, ҳали ҳам ҳисобни очолмаётганди. 45-дақиқага келибгина Афиф рақибларининг жарима майдончасидаги палапартишликдан фойдаланиб кетди ва турнирдаги илк голни урди.
Иккинчи бўлимда эса Қатар ўзига келиб олди. Биринчи тайм сўнггида урилган гол Маркес шогирдларини бироз тинчлантирганга ўхшади ва бир-бирига пас беришда қийналаётган Ливан футболчиларига қарши улар эркинроқ ўйнашни бошлади. 56-дақиқада мезбонлар ажойиб комбинация уюштирди ва Алмоз Али боши билан дарвозани ишғол қилди. Унга қанотдан тўпни узатган Муҳаммад Ваадни ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Дастлаб, тўп назорати учун ҳаракат қилаётган Қатар иккинчи таймда рақибига ҳам назоратни топшириб турган пайтлар бўлди ва ливанликлар яна яхши имкониятларга эга бўлди. Аммо баҳсда 5 та сейв қилган Мишел Баршам ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олди. Қўшиб берилган дақиқаларда эса Афиф супер рейди билан ливанлик ҳимоячилардан ўтиб кетиб, дублни расмийлаштирди.
Гарчи Қатар 3 та гол урган бўлса-да жамоа учун бу ўйин қийин ўтди. Аммо бу биринчи учрашув бўлгани учун футболчилар орасида бироз ҳаяжон бўлган бўлиши ҳам мумкин. Бунисини кейинги учрашувларда билиб оламиз. Жамоани 2-турда Тожикистонга қарши баҳс кутиб турибди. Ундан кейин Хитой билан тўқнаш келадиган мезбонлар гуруҳ босқичида ўзига келиб олмаса, бир-бирига тўп узатишда қийналмайдиган жамоаларга қарши мағлубиятга учраши мумкин.
Учрашув статикаси:
Қатар - Ливан
Зарбалар: 16-9
Кўкка совурилган вазиятлар: 0-1
Паслар: 400(82%) - 219(71%)
Подкатлар: 7(41%) - 15(88%)
Блоклар: 2-7
Сариқ карточкалар: 2-2
Фикрлар