Осиё кубоги финалида Ўзбекистон билан ўйнасак яхши бўларди!

Қатар мезбонлик қилаётган Осиё кубогидаги энг ёрқин воқеалардан бири ушбу мусобақада илк бор иштирок этаётган Тожикистон миллий терма жамоасининг гуруҳ босқичларидан муваффақиятли ўтиб, биринчи уринишдаёқ плей-офф босқичига йўлланма олгани бўлди.

Тожикистонлик футболчилар нимчорак финалдан ўтиш учун Бирлашган Араб Амирликлари билан куч синашади.

Қўшниларимизнинг етакчи ўйинчиларидан Алишер Жалилов Россиянинг metaratings.ru сайтига берган интервьюсида Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида ҳам фикрларини билдириб ўтди.

IMG_1830

Таъкидлаш жоизки, Россия футболида тарбияланган, “Рубин”, “Нефтехимик”, “Балтика” каби жамоаларда тўп тепган ҳужумкор футболчи ўзбек футболи билан жуда яхши таниш. Алишер ҳам Тожикистон терма жамоасининг бир неча ўйинлари сингари Ўзбекистонда ҳам фаолият олиб борган. У 2022-2023 йилларда Олмалиқда ўйнаган. Айни пайтда эса, ўз юртида “Истиқлол” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.

Sports.uz портали Алишер Жалиловнинг интервью давомида Ўзбекистон терма жамоаси ҳақидаги фикрларини мухлсилар эътиборига ҳавола қилади.

- Осиёда кучли терма жамоалар бор. Булар Япония, Жанубий Корея, Эрон, Австралия, Қатар ва мен Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳам алоҳида таъкидлаган бўлардим.

Ўзбекистон термаси билан ўртамизда сиртқи рақобат борми?  Йўқ, албатта.

Аксинча, биз дўстмиз, бир биримизга мухлислик қиламиз, жон куйдирамиз. Улар ҳам биз ҳам Осиё кубогида узоқроқ боришимизни тилайман.

Ўзимга қолса, Осиё кубогининг финали Тожикистон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида бўлишини истардим.

Агар ўзбекистонликлар биздан узоқроққа борса, бундан фақат хурсанд бўламиз, улар ҳам бизга худди шундай муносабат қилади, –  деди Алишер Жалилов.

IMG_1603

Таъкидлаш жоизки, Тожикистон терма жамоаси қитъа чемпионатининг гуруҳ босқичида жуда яхши ўйин кўрсатди. “А” квартетидан ўрин олган қўшниларимиз илк учрашувда Хитой билан дуранг ўйнади, кейин мусобақа мезбони – қатарликларга кичик ҳисобда имкониятни бой берди. Сўнгги турда Ливан терма жамоасини 2:1 ҳисобида доғда қолдирган тожиклар гуруҳда иккинчи ўринни олиб, плей-оффда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Жамоа голларига Парвизжон Умарбоев ҳамда Нуриддин Ҳамроқулов муаллифлик қилди.

Шунингдек, тожикистонликлар сафида Эҳсони Пандшанбенинг ҳаракатлари юқори баҳоланди. Бу футболчи 2020-2022 йиллар давомида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси шарафини ҳимоя қилган. У Осиё кубогида “А” квартети вакиллари орасида энг кўп – етти маротаба голли вазият яратган ўйинчи бўлди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, “В” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллади. Сречко Катанец шогирдлари илк учрашувда кутилмаганда сурияликлар дарвозасини ишғол қила олмади ва очко бўлишга мажбур бўлди. Кейинги турда Ҳиндистон 3:0 ҳисобида тор-мор этилди. Голларга Аббосбек Файзуллаев, Игорь Сергеев ва Шерзод Насруллаев муаллифлик қилди.

Терма жамоамиз футболчилари сўнгги турда Австралиядан очко тортиб олди. Азизбек Турғунбоев урган гол бизга бир очко келтирди.

IMG_1957

Нимчорак финалда Тожикистон ва Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси ўртасидаги нимчорак финал 28 январь куни бўлади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси таиландликлар билан 30 январь куни куч синашади.

Ўзбекистон “қора анъана”га чек қўйди ёхуд Қатардаги рекордлар, сенсациялар ва фактлар

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Abdushukurov Odilbek
27/01/2024 19:17
Omad, Tojikiston.
Дилшод Xaмзаев
27/01/2024 20:34
Эртага Тожикистон термасига омад тилайман.ўзбек-тожик бошқа тилда сўзлашса хам урф одатлари бир хил.
نادر Нодир Обидов.
27/01/2024 21:05
Точ,икистон ба пеш, Ўзбекистон олға
&
Alsher
27/01/2024 19:49
Ertangi òyinda sizlarga omad Tojikiston albatta vatanimiz Uzbekistonga ham omad tilayman olģa yigitlar òlģa Uzbekiston olģa Tojikiston OMAD SIZLARGA
&
Alsher
27/01/2024 19:45
Rahmat Tojikiston bizlar ham sizlarga chin diladan omad tilaymiz omad Tojikiston