Остон афсонавий мураббий қўл остида шуғулланиши мумкинлиги тасдиқланди
"Спартак" клубининг жамоатчилик билан алоқалар департаменти директори Антон Фетисов испаниялик таниқли мураббий Рафаэль Бенитес ҳақиқатан ҳам клуб бош мураббийлигига номзодлар рўйхатида борлигини тасдиқлади.
"Спартак" учун мураббий чемпионлик тажрибасига эга бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Биз учун нафақат ички мусобақаларда, балки еврокубокларда ҳам муваффақиятли иштирок этиш тажрибаси керак. Афсуски, сўнгги икки йилдан буён футболимиз бундай тажрибани бермаяпти. Шунинг учун рус мураббийлари билан бунга эришиш қийин. Эҳтимол келажакда вазият ўзгарар.
Рафа Бенитес? Мен фақатгина унинг номзоди кўриб чиқилганлигини тасдиқлашим мумкин. Аммо у асосий номзод эмас", - деди Фетисов "РБ-Спорт"га берган интервюсида.
Бундан аввалроқ, Бенитес фаолиятини Англия премьер-лигасида давом эттирмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалган эди. У Хитойнинг "Далянь Ифан" клубидан кетгач ҳозирча ишсиз ҳисобланади. У мураббийлик фаолияти давомида "Валенсия", "Ливерпуль", "Интер", "Наполи", "Реал" ва "Челси" клубларини бошқарган.
"Спартак" амалдаги бош мураббий Доменико Тедескога ўринбосар изламоқда. Боиси, унинг москваликлар билан амалдаги шартномаси ёзда тугайди ва ушбу келишувни узайтиришдан бош тортмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Остон Ўрунов "Спартак" аъзоси ҳисобланади. У мавсумнинг иккинчи ярмини "Уфа" сафида ижарада ўтказмоқда.
Фикрлар