Остон Ўрунов: "Навбаҳор" энди жойини топди"
“Навбаҳор” футболчиси Остон Ўрунов ўз ўйинлари билан Суперлигани “ёндиряпти”. Рақиблар уни тўхтатиб қолишнинг деярли имконини топа олмаяптилар. У ўйинни ўз қўлига оляпти ва жамоасининг юрагига айланди.
Деярли барча Ўруновнинг қандай мавқе ва савиядаги футболчи эканини билган ҳолда уни Суперлигадаги энг кучлиги дея эътироф этмоқдалар.
Яқинда “Навбаҳор” Тошкентда “Бунёдкор”ни 5:1 ҳисобида тор-мор келтирганини биласиз. Ўрунов ўз ҳисобига иккита гол ёзиб қўйди. Шундан сўнг Sports.uz журналисти Ўруновга айрим саволларни йўллади.
- Остон, айтинг-чи, “Бунёдкор”ни 5:1 ҳисобида ютишингларни ўйлаганмидингиз?
- Ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик. Тўғрисини айтсам, 1-таймни ўзида 5 та гол урамиз, деб ўйламагандим. Лекин бу учрашувда ютишимизга ҳаммада ишонч бор эди. Чунки бизда таркиб барқарор ва барча футболчилар ажойиб спорт формасида.
- “Навбаҳор”ни пешқадам сифатида кўриш жамоанинг мухлислари учун ҳамма вақт ёқимли. Лекин буни охиригача ушлаб туришни ўзи бўлмайди. Бу борада нима деган бўлардингиз?
- “Навбаҳор” энди жойини топди. Бундай таркиб, бундай мухлислар ва атмосфера билан биринчи ўринда бўлиши керак. Пешқадамликни ушлаб туришига келадиган бўлсак, ҳаммаси ўзимизни қўлимизда. Бўшашмасдан охиригача шундай кучли иштиёқ билан ўтказсак бемалол чемпион бўламиз.
- Айни пайтда Ўзбекистон чемпионатида Остон Ўруновдан кўра кучли футболчи бор деб ўйлайсизми?
- (Кулади) Ҳа, Ўзбекистон чемпионатида яхши ўйинчилар бор. Лекин менинг ниятим Ўзбекистон чемпионатида энг кучлиги бўлиш эмас, ниятларим баландроқ.
- Россия чемпионатидан қайтгач, Ўзбекистон Суперлигаси даражаси қандай кўриняпти, сизга?
- Россия бошқа даража. Аммо Ўзбекистон чемпионати олдингига қараганда анча ўсган. Айниқса, бизга қарши жамоалар бор кучини бериб ўйнашяпти.
- Рақиблар сизга доим жиддий қаршилик кўрсатишга уринишяпти. Шу пайтгача сизга энг жиддий қаршилик қайси ўйинда ёки қайси футболчи томонидан бўлди?
- Яна қайтараман: “Навбаҳор”га қарши ҳамма жамоа бор кучини бериб ўйнаяпти. Лекин ҳали жиддий қаршилик сезмадим. Унутмайлик, мен яна 6-7 ой футбол ўйнамадим.
- "Навбаҳор"ни чемпион қилиб кейин кетасизми ёки биринчи даврадан кейин ҳам хорижга кетишингиз мумкинми?
- Барча эътиборим “Навбаҳор”га қаратилган. Ҳозирдан нимадир дейишни хоҳламайман, вақт кўрсатади.
- Осиё Кубоги учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди ва унга кўра Ўзбекистон терма жамоамиз Австралия, Сурия ва Ҳиндистонга қарши гуруҳ учрашувларини ўтказади. Остон, гуруҳимиз хусусида нима деган бўлардингиз?
- Ҳозирги миллий терма жамоа жуда ўзгарган. Ҳамма футболчиларни иштиёқи баланд, барчаси ўзига ишонади. Шунча ўртоқлик учрашувлари ўтказдик, бирортасида иккиланиб ютамизми ёки дуранг деган нарсани ўйлашмаган. Барча фақат ғалаба учун майдонга тушади. Рақибларга келсак, бизга фарқи йўқ. Қанақа жамоа бўлишидан қатъий назар ғалаба учун майдонга тушамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар