Отабек Ғуломхўжаев: Жамоамизда индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар кўп

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида ёшларимиз устози Отабек Ғуломхўжаев ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Авваламбор, стадиондаги муҳит ҳақида гапирмоқчи эдим. Ҳаммаси юқори даражада ташкил этилди. Мухлислар биз учун қойилмақом муҳитни яратиб беришди. Бунинг учун улардан миннатдормиз. Ҳаммаси мен кутганимдан ҳам ортиқ даражада бўлди. Ўйин яхши ўтди. Ўйлашимча, навбатдаги учрашувимиз янада қизиқарли кечади. Ҳа, бизда голли имкониятлар кўп бўлди. Аммо охирги зарбани беришда йигитларга аниқлик етишмади. Аммо ғалабага лойиқ бўлиш учун ўша вазиятларда охирги зарбани аниқ бера олиш керак. Таркибимизда ҳали 17 ёшга тўлмаган 3-4 нафар болалар ҳам бор. Тўғри, ҳужум қилишни уддалаяпмиз. Бироқ охирги зарбани беришда барибир тажриба етишмаяпти.

Аммо мени хурсанд қиладигани, жамоамизда индивидуал жиҳатдан яхши футболчилар кўп. Футболнинг чиройи шундаки, олдинги чизиқдаги футболчиларнинг креативлигидан тўғри фойдаланиш керак. Энди Наманганда ўтадиган ўйинда таркибда ўзгаришларни қиламиз. Биз 22 нафар ўйинчи билан келганмиз ва бугун ҳаммаси бўлиб 16 та футболчи майдонга тушди. Наманганда эса бугун ўйнамаган 6 нафар футболчига асосий таркибда ўзларини кўрсатиш учун имконият бераман”, - Отабек Ғуломхўжаевнинг сўзларини келтириб ўтди ЎФА расмий сайти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!