Отабек Ғуломхўжаев: Легионерларни кўр-кўрона олавермаймиз, ўзимизнинг ўйинчилар бўйича яна бир-иккита мўлжалим бор
“Андижон” клуби бугун Тошкентдан Андижонга қайтди. Энди тайёргарликнинг қолган қисми мухлислар кўз ўнгида ўз қароргоҳида ўтказилади.
Таркибда қандай янгиликлар бўлаётганидан хабардор бўлиб турибсизлар. Жамоа бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев sports.uz сайти учун йиғинлар ва таркибдаги охирги ўзгаришлар хусусида фикр билдирди.
- Охирги йиғинимизни Тошкентдан Андижонга кўчиришни маслаҳатлашиб қилдик, - дея гап бошлади бош мураббий. - Водийда жамоа йўқ, деб ўйлагандик. Энди бундай эмас, масалан, “Навбаҳор” ҳам қайтганини билдик. Шунинг учун энди Андижонга қайтсак бўлади, деб ҳисобладик. Ўз майдонимизни яхшироқ ҳис қилиш ҳам футболчиларга керак. Ёшлар таркибимизни ҳам кўришим зарур. Чунки улардан ҳам рўйхатга киритадиганларимиз бўлиши мумкин. Йиғинимизни Андижонга кўчирганимиз ҳеч қандай молиявий ҳолат билан боғлиқ эмас. Бошида раҳбариятдан Тошкентда иккита йиғин ташкиллаштиришни сўраганман ва рози бўлишган. Биз йиғинларимизни чемпионатнинг бошланишига қараб режалаштиргандик. Аввалига 24 февраль, кейин 3 март, ундан сўнг 9 март, деб белгиланди. Шунингдек, биз пойтахтдаги охирги йиғинимизда “Насаф”, “Бунёдкор” каби рақиблар билан келишиб қўйгандик. Мен эса бир ҳафта олдин ёрдамчимни Андижонга юборганман. Масалан, ўринбосарлар қандай ишлаяпти, стадиондаги ишлар нима бўляпти ва бошқа ишлар билан шуғулланиш керак эди. “Навбаҳор” билан ҳам яна ўйин ўтказмоқчимиз. Тошкентдаги йиғинда гарчи спарринг-рақиблар бўлгани билан машғулотлар сунъий майдонларда ўтгани учун жароҳатлар келиб чиқди.
Бугун футболчиларга жавоб бердик. Андижонда икки кун тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу борада бизда муаммо йўқ. “Макро-фарм”да ҳамма шароит бор. Агар тиббий кўрикни сал кейинроққа ўтказадиган бўлсак, унда ўша пайтга бориб кимдадир соғлигида муаммо чиқиб қолса, бизга қўшимча қийинчилик туғилиши мумкин. Шунинг учун биз тиббий кўрикни эртароқ ўтказяпмиз ва унинг натижаларига қараб, йигитларда яна даволаниш учун вақт ҳам бўлади. Ўзим Тошкентда қолганман. Бир-иккита янги футболчилар бўйича гаплашишим керак.
Легионерларни қуруқ ролик орқали кузатмайман. Чунки видеоролик бошқа нарса. Биргина уни кузатиш билан ишониб қолмаслик лозим. Болгариялик ва италиялик легионерларни чуқур ўргандик, обдон таҳлил қилдик. Танишларимиз орқали сўраб-суриштирдик. Футбол ичидаги яқин инсонимнинг тавсияси билан уларни таклиф қилдик. Бундан бошқа легионерлар билан ҳам гаплашгандик. Масалан, Амир Натхони олмоқчи эдик, аммо бу вариант ўхшамади. Юқоридаги иккита хорижлик ўйинчи билан раҳбарият тез орада шартнома имзолайди. Боаке Андижонга 23 ёки 24 февралда келади. Ҳозирча ушбу легионерлар билан чекланиб турамиз. Кўрдингиз, бунгача ҳам бир нечтасини синовдан ўтказдик. Легионер олиш керак деб, кўр-кўрона олавермаймиз. Ҳозирги таркибимиз ҳам ёмон эмас. Таркибдан 60-65 фоизга кўнглим тўляпти. Юқорида айтганимдек, яна бир-иккита ўйинчилар бўйича мўлжалимиз бор, - деди Ғуломхўжаев.
Фикрлар