Отабек Ғуломхўжаев: "Навбаҳор"даги ишим фақат селекция билан боғлиқ
Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаевнинг салоҳиятига юқори баҳо берилаётгани сир эмас. Унинг мураббийликдаги малакаси терма жамоадаги иш фаолияти орқали ҳам ортиб бормоқда. Балки клубларнинг унга қизиқиш билдираётгани ҳам бежиз эмасдир. Яқинда унинг «Навбаҳор»да селекционер мураббий сифатида ишлаши борасида таклиф бўлганлиги хусусида гап бўлганди. Шуни айтиш жоизки, охирги пайтларда унга бўлган қизиқиш кучаймоқда. Шу боис бўлса керак, ёш мураббий билан ҳамкорлик қилишни истаётганлар тобора кўпайиб бормоқда. Яқинда эса Ғуломхўжаевнинг наманганликлар жамоасида чиндан ҳам селекционер мураббий лавозимида иш бошлагани аниқ бўлди. Буни терма жамоа мураббийи тасдиқлади.
- Ҳа, мен «Навбаҳор» клубида селекционер мураббий бўлиб ишлаяпман, - деб гап бошлади, Отабек Ғуломхўжаев. - Хабарингиз бор, жамоада раҳбарият алмашди. Янги тайинланган раҳбарият эса мени клубга таклиф қилди. Бундан ташқари, вилоят ҳокимининг ўзи ҳам «Навбаҳор»да ишлашимга ҳайрихоҳлигини билдирди. Наманганда футболга эътибор ва қизиқиш кучли бўлгани учун ҳам клубни ҳар томонлама ривожлантириш ишлари олиб бориляпти. Бу ерда фақатгина клубнинг ўзигина эмас, балки футбол мактаблари, академия, умуман болалар футболига жиддий қарашмоқда. Айниқса, «Насаф», «Бунёдкор»нинг мавқеига олиб чиқиш учун пойдевор бошланяпти. Лекин эртага вазият ўзгариб мени бирор жойга мураббийликка таклиф қилишса ҳам Равшан Эрматовсиз ҳеч қандай қарор қабул қилмайман. Биласиз, терма жамоа асосий ишимиз ҳисобланади ва бизга ишонч билдириб таклиф қилишган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам менга таклиф бўлса, буни авваламбор Равшан ака билан маслаҳатлашаман ва қандай фикр билдирса ҳам рози бўламан. Аслида эса менга биргина «Навбаҳор»дан эмас, бошқа клублардан ҳам таклифлар бор. Лекин мавсум ўртасида бирор-бир жамоанинг бошқарувини қўлга олиш унчалик яхши ҳолат эмас. Ҳозирги пайтда эса расман бўлмаса-да, оғзаки равишда айрим жамоалардан келаси мавсум учун ҳамкорлик қилиш бўйича таклиф билан чиқаётганлар ҳам бор. Лекин асосийси мен Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийиман. Тўғриси, менга яна иккита клубдан таклиф бор. Яъни, бош мураббийликка чақиришмоқда. Айтишим мумкинки, ҳозирдан Суперлиганинг битта клуби мени шу лавозимга таклиф қиляпти. Лекин кимлигини айта олмайман. Агар айтсам, терма жамоа ва «Навбаҳор» клубига ҳурматсизлик қилган бўламан.
Шунингдек, терма жамоа бош мураббийи «Навбаҳор»да зиммасига юклатилган асосий вазифа нимадан иборат эканлиги ҳақида ҳам гапирди.
- Селекционер нима иш қилади? Иқтидорли футболчиларни қидириб топамиз. Бу нафақат асосий жамоа учун, балки ёшлар ва болалар футболи учун ҳам тааллуқлидир. Мисол учун ўринбосарлар жамоаси учун чекка-чекка туманлардан иқтидорларни топишим мумкин. Агар биз кўрган ёшлар терма жамоа даражасида бўлса, у ҳолда албатта термага ҳам «тортамиз». Ҳозирча менинг ишим фақат селекция билан боғлиқ.
Бундан ташқари, Ғуломхўжаевдан «Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскис билан ҳам иши юзасидан гаплашдими-йўқми, умуман, у ҳақидаги фикрлари билан ҳам қизиқиб кўрдик.
- Бош мураббий тўғрисида ҳеч нима айта олмайман. Чунки мураббий мураббийга баҳо бера олмайди. Негаки, мен унинг ишига, машғулотларига, мураббийлик сиёсатига аралаша олмайман. Сен селекционер мураббийсан, ўз ишингни қил дейишга унинг ҳаққи бор. Агар мен мураббий бўлиб, бирор селекционер келиб, ишимга аралашадиган бўлса, у билан хайрлашган бўлардик. Шунинг учун ҳамма ўз иши билан шуғуллангани маъқул. Албатта, Канчельскис менга қанақа ўйинчилар кераклигини айтди ва тахминан кимларга ўхшашлигини таъкидлаган ҳолда шунга қараб ишни олиб боряпмиз. Агар кўз остимизга олиб қўйган ёшлар бўлса, уларнинг номзодларини кўрсатамиз. Шундан кейин расмий равишда таклиф қилинади.
Маълумки, U-19 Осиё чемпионати келаси йили Тошкентда ўтказилади ва унда Ўзбекистон терма жамоаси мезбон сифатида иштирок этиши аниқ бўлди. Бу эса бош мураббийнинг режаларига ўзгартириш киритган бўлиши ҳам табиий.
- Бу энди бизга икки ҳисса кўпроқ маъсулиятни юклайди. Ҳа, Ўзбекистоннинг мусобақани ўзида ўтказиши учун ариза берганини билардим. Лекин мезбонликни бизга беришларини кутмагандим. Бу эса биз мураббийлар ва футболчиларни ўз устимизда янада кўпроқ ишлашимизга туртки беради. Ўзимизда биринчи марта бундай даражадаги Осиё чемпионатини қабул қиламиз. Тарихга кириш ва жаҳон чемпионатига чиқишимиз керак.
Хабарингиз бор, терма жамоамиз Саудия Арабистонида Осиё чемпионати саралаш баҳсларига тайёргарлик кўрмоқда. Энди эса мезбонлик Ўзбекистонга берилгач, ушбу саралашнинг бизга у қадар катта аҳамияти қолмадими? Бу борада Отабек Ғуломхўжаевнинг муносабати қуйидагича бўлди:
- Бу бизни бўшаштиради деган нарса эмас. Саудияга борганимиздан кейин барча рақибларимиз орасида биринчи ўринни олишимиз керак. Бу билан ўйинимизни янада шакллантиришимиз лозим. Чунки таркибимизда соғлом рақобат юзага келган. Биз ҳозирдан Осиё чемпионати учун жиддий тайёргарликни бошлаяпмиз. Ахир кўз очиб юмгунча кейинги йилнинг октябрь ойи ҳам келади. Шу боис мезбонлигимиз учун ўз-ўзидан Осиё чемпионатига чиқдик, вазифа бажарилди деб асло хотиржамликка берилмаймиз.
Қизиқ, ушбу ёш мутахассисга бир вақтнинг ўзида ҳам терма жамоада, ҳам «Навбаҳор»да ишлаш ортиқча қийинчилик туғдирмасмикин-а?
- Йўқ. Агар таъсир қилишини билганимда иккита жойда ишламаган бўлардим. Терма жамоада ишлаётган тақдиримда ҳам селекция ишлари давом этаверади. Селекционер мураббий дегани ҳар доим Наманганда «Навбаҳор» билан бирга бўлади дегани эмас. Биз асосан бошқа жойлардан иқтидорларни кўздан кечирамиз. Терма жамоа билан сафарларга ва ўйинларга борамиз. «Навбаҳор» раҳбарлари эса ҳаммасини инобатга олган ҳолда мени таклиф қилишган. Биласизми, футболда селекция кеча-ю, кундуз давом этиши керак, - дейди мураббий.
Фикрлар