Ўтган йилдаги каби ёхуд барча кутаётган Водий дербиси ҳақида

21 апрель куни Ўзбекистон Кубогининг 2-турида “Н” гуруҳи вакиллари – “Навбаҳор” ҳамда “Андижон” жамоалари иштирокида водий дербиси бўлиб ўтади. Шубҳасиз, ушбу беллашув 2-турнинг марказий ўйини ҳисобланади.

Ҳамма вақт мазкур клубларнинг тўқнашувига қизиқиш ва эътибор юқори даражада бўлади. Бундай пайтда уларнинг эгаллаб турган ўринлари аҳамиятсиз бўлиб қолади ва майдонда чинакам жанг кечади. Бу йил эса иккала клубнинг мақсади жиддий. “Андижон” чемпионатда пешқадам бўлиб тургани фикримизга исбот бўла олади. Кубок баҳсларида ҳам иккала жамоа катта мақсадларни қўйишган.

Илк турда “Андижон” ўз майдонида “Динамо” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, “Навбаҳор” Қаршида “Насаф”ни 1:0 ҳисобида ютиб келди. Энди бевосита “Навбаҳор” ҳамда “Андижон” клублари ўртасидаги қарама-қаршиликка тўхталадиган бўлсак, бу жамоалар ўтган йили ҳам Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичида тўқнаш келишган. “F” гуруҳига жойлашишган “Навбаҳор” ва “Андижон” 2023 йилнинг 18 май санасида Намангандаги стадионда 8069 нафар мухлис кўз ўнгида беллашишган. Захирадан майдонга тушган Иброҳим Йўлдошевнинг 65-дақиқада киритган голи “Навбаҳор”га 1:0 ҳисобидаги ғалабани келтирган.

Жамоалар Ўзбекистон Кубогида илк бор 1992 йили учрашишган. Ўшанда мусобақанинг 1\4 финалида уларнинг йўллари кесишган. Иккала баҳсда ҳам наманганликларнинг қўли баланд келган. 1993 йилги Кубок мусобақасида иккала клуб яна 1\4 финалда рўбаро келганлар. Икки ўйин натижасига кўра “Навбаҳор”нинг қўли баланд келган.

Умумий ҳисобда “Навбаҳор” ва “Андижон” клублари Ўзбекистон Кубогида 7 маротаба куч синашишган. Шундан 5 тасида наманганликларнинг қўли баланд келган ва яна 2 та баҳсда "Бургутлар"нинг устунлиги қайд этилган. Тўплар нисбати эса 13\6 “Навбаҳор” фойдасига.

Жамоаларнинг Ўзбекистон Кубогидаги ўзаро учрашувлари   

1992 йил

1\4 финал.

“Наврўз” – “Навбаҳор” – 0:1; 1:3

1993 йил

1\4 финал

“Навбаҳор” – “Наврўз” – 4:2; 0:1

2002\2003 йиллар. Гуруҳ босқичи.

“Андижон” – “Навбаҳор” – 1:4

2018 йил

1\16 финал

“Андижон” – “Навбаҳор” – 1:0

2023 йил

Гуруҳ босқичи

“Навбаҳор” – “Андижон” – 1:0

Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Андижон” беллашуви 21 апрель куни соат 16:30 да Намангандаги “Марказий” стадионда бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!