"Ўткинчи ўйинлар бўлмаяпти, ҳакамларни кучли ёки кучсиз дея олмайман" - Виталий Левченко

Фарғонанинг “Нефтчи” клуби бу йил медаллар учун астойдил курашяпти. Биргина ушбу жамоа ҳали мағлубиятга учрагани йўқ. Олдинда уларни Фарғонада “Сурхон”га қарши муҳим ўйин кутяпти.

Мазкур беллашувдан аввал “Нефтчи” “Андижон”га қарши назорат ўйинини ўтказди. Мезбонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашувдан кейин “Нефтчи” бош мураббийи Виталий Левченкони суҳбатга тортдик.

- Виталий Григорьевич, ўйиндан қандай таассуротлар олдингиз?

- Икки томон учун жуда фойдали ўйин бўлди, деб ўйлайман. Учрашув давомида кўплаб ҳужумлар ва тезкор ҳаракатлар бўлди. Чемпионатимизда бироз танаффус бўлганди ва бундан фойдаланиб ўртоқлик ўйинини ташкил қилдик. Бу учрашувда футболчиларни яна нималарга қодирлигини, уларнинг ҳолатини назорат қилишга имконият туғилди. Ўйлайманки, учрашувдан ўзимиз учун яхшигина хулоса чиқардик.

- Демак, ўйиндан ҳар томонлама қониқдингиз-а?

- Албатта, ўйиндан қониқдим. Ўйинчиларимизнинг ҳолатини янада яхшироқ текшириб олдим.

левченко5

- “Нефтчи” чемпионатда мағлубиятсиз юришини давом эттиряпти. Шундан келиб чиқиб, жамоангизнинг иштироки ҳақида нималарни айта оласиз?

- Албатта, имконият даражасида ҳаракат қилиб, ўз ўйинимизни кўрсатяпмиз. Худога шукрки, керакли натижаларга эришяпмиз. Ўйиндан-ўйинга “очилиб”, кейинги учрашувларда яна нималар қилишимиз кераклиги ҳақида ўйлаяпмиз. Тинмасдан ҳаракатдамиз. Ўйинимизни борган сари яхшилаб, такомиллаштириб боряпмиз.

- “Бухоро”га қарши ўйин ҳақида ҳам сўрамоқчиман. Ўшанда дуранг бўлди ва ҳакамнинг жамоангиз томон белгиланган пенальтиси нотўғри эканлиги экспертлар томонидан айтилди...

- Доимгидек ҳакамлар ҳақида гапиришни ёмон кўраман. Буни аввал ҳам айтганман. Шунинг учун уларнинг фаолиятига тўхталмайман. Футболда биринчи йил ишламаяпман. Ҳакамлар ишини текширадиган махсус комиссия бор. Улар ҳакамларни фаолиятига баҳо бергаини маъқулроқ.

- Умуман, ҳакамларнинг савияси борасида аниқ гап айта оласизми?

- Ҳакамларни кучли ёки кучсиз дея олмайман. Уларни ўйинларга тайёрлайдиган қўмиталар бор. Ҳакамларни фаолиятида шундай вазиятлар юз берадики, ўшаларни тўлиқ кўриб чиқиш керак бўлади.

нефтчи2

- Ниҳоят, жамоа етакчиси Лутфулла Тўраев жароҳатидан фориғ бўляпти ва “Андижон”га қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Унинг ҳолати қандай? Энди “Нефтчи”га ёрдам бера оладими?

- Аста-секин майдонга қайтишга ҳаракат қиляпти. Ўйинга қайтиши ва майдонни ҳис қилиш учун имкон қадар имконият яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Ўйлайманки, у кейинги учрашувларда майдонга тушади ва жамоамизга ёрдам бера олади.

- Чемпионатимиздаги олдинги кучли трио – “Навбаҳор”, “Нефтчи” ва “Пахтакор” яна биргаликда медаллар учун курашишга киришишди. Ушбу клублар кучли учликда боришмоқда. Шундай ҳолат охиригача сақланиб қолинармикин?

- Умумий маънода айтишим мумкинки, чемпионат савияси ёмон эмас, юқори даражада дейишим мумкин. Ҳамма ҳаракат қиляпти, ҳамма ўйнаяпти ва юқори натижаларга эришишга интиляпти. Оддий, ўткинчи учрашувлар бўлмаяпти. Барча юқори ўринларга курашяпти. Жамоалар бор маҳоратини кўрсатяпти. Ҳеч ким ютқазишни хоҳламаяпти. Кучли ўйинлар бўляпти, дейишим мумкин. Ҳа, қийин кечяпти, аммо шу билан биргаликда қизиқарли чемпионат деб айта оламан. Шунчаки, оддий ўйинлар бўлмаяпти. Бу эса мухлисларнинг янада қизиқишига сабаб бўлмоқда. Шундай клублар борки, улар совринлар учун курашишяпти. Яна шундай жамоалар борки, улар пастга тушиб кетмаслик мақсадида бор имкониятини ишга солишмоқда.

- “Нефтчи” кейинги турни “Сурхон”га қарши ўтказади. Бўлажак рақиб тўғрисида нималарни айтган бўлардингиз?

- “Сурхон” ёмон жамоа эмас. Таркибида ёш, бақувват ва ўйинга чанқоқ футболчилари бор. Кучли ўйин бўлади. Рақибни оддий жамоа деб ўйламайман. “Сурхон”ни “Бунёдкор” билан ўйинини ҳам кўрдик. Яхши жамоа эканлиги кўриниб турибди. Учрашувдан аввал тахмин қилиш тўғри эмас. Чунки оддий клублар йўқ. Чемпионатда очко олиш қийин кечяпти. Бунинг учун яхшигина тайёргарлик кўриш керак. Шунда керакли натижага эришиш мумкин бўлади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!