Ўткир Юсупов "Навбаҳор"нинг "Металлург"га қарши ўйини олдидан нима дейди?
Ўзбекистон Coca Cola Суперлигаси 2-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Металлург” жамоалари ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 32 ёшли тажрибали дарвозабони ва сардори Ўткир Юсупов бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Хабарингиз бор, янги мавсумни ғалаба билан бошладик. Бу эса кейинги ўйинларда бизга қўшимча куч ҳамда мотивация бериши шубҳасиз.
Жорий мавсумнинг илк тур баҳслари бу йил осон ўйинлар бўлмаслиги, барча жамоаларнинг кучи деярли тенг эканлигини исботлади.
Бунга мисол сифатида юртимизнинг кучли клублари ҳисобланмиш “Пахтакор” ҳамда “Насаф”нинг илк турдаёқ мағлубиятга учраганлиги, “Навбаҳор”дан бошқа барча мезбонлар имкониятни бой берганлигини келтириш жоиз.
“Металлург”га қарши кечадиган баҳс кескин ва шиддатли курашлар остида ўтиши аниқ. Боиси, бекободликлар илк турда ўз майдонида “Нефтчи”дан йирик ҳисобда (0:3) мағлубиятга учрашди.
Шунинг учун бўлажак беллашувда “Металлург” Наманганда очко олишга интилади.
Биз – футболчилар ҳам бекободликлар билан бўладиган ўйинда ғалаба қозониб, мухлисларга қувонч улашишга ҳаракат қиламиз ҳамда буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Ишқибозлардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан.
Фурсатдан фойдаланиб, бизга барча шароитларни яратиб бераётган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, шунингдек, “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти, жумладан, клуб вице-президенти Отабек Арифович Саматовга жамоамиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Жамоамиз жорий мавсумда ўзи қатнашадиган барча мусобақаларда зафар қучишни мақсад қилган.
Буни амалга ошириш учун биз – футболчилар қўлдан келганича ҳаракат қиламиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар