Ўткир Юсупов: "Ўзбекистон Кубогини қўлга киритишни ният қилганмиз"

Ўзбекистон Coca Cola Кубоги чорак финалидан ўрин олган, “Финалдан олдинги финал” дея эътироф этилаётган “Навбаҳор” – “Пахтакор” ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 31 ёшли тажрибали дарвозабони Ўткир Юсупов бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Хабарингиз бор, жамоамиз 28 август куни Coca Cola Суперлигасининг 17-туридан ўрин олган баҳсда айнан “Пахтакор”га қарши майдонга тушган ва ўша ўйинда 1:1 ҳисобидаги жанговар дуранг қайд этилганди. Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон Coca Cola Кубоги чорак финалида ҳам “шерлар” билан куч синашадиган бўлдик.

Бу сафарги учрашув олдингисидан ҳам кўра, кескин ва шиддатли курашлар остида кечиши аниқ. Боиси, бўлажак ўйинда энди дуранг бўлмайди ва қайсидир жамоа зафар қучиши шарт.       

Шунинг учун ушбу беллашув “Финалдан олдинги финал” дея эътироф этилмоқда ҳамда бўлажак баҳсга қизиқиш ўта юқори.

Биз – футболчилар ҳам мазкур ўйиннинг қандай аҳамиятга эга эканлигини тушуниб турибмиз ва бўлажак беллашувда ғалаба қозониш, мухлисларга қувонч улашиш, ярим финал йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз ҳамда буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.

Боиси, жорий мавсумда Ўзбекистон Кубогини ҳам қўлга киритишни ният қилганмиз. Ишқибозлардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан. 

Фурсатдан фойдаланиб, бизга барча шароитларни яратиб бераётган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, шунингдек, “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти, жумладан, клуб президенти Отабек Арифович Саматовга жамоамиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Жамоамиз жорий мавсумда ўз олдига қўйган юксак мақсад, яъни, Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун охиригача кураш олиб боради ҳамда буни амалга ошириш учун биз – футболчилар қўлдан келганича ҳаракат қиламиз.

“Навбаҳор” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!