"Охирги 5 ўйинда 5 гол ва 4 ассист? Ҳа, бу легионеримиздан умидимиз катта"

Ўзбекистон кубоги 3-тури доирасидаги «Динамо» - «Сурхон» (3:1) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Ҳаким Фузайлов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Кубокдаги дастлабки вазифамиз гуруҳ босқичидан чиқиш эди ва буни 1-ўринни эгаллаб амалга оширишни истагандик. «Сурхон» Суперлига жамоаси эканлиги сабабли иккинчи бўлимда икки жамоага ҳам осон бўлмади. Икки хил таймни кўрдик. Биринчи бўлимда яққол устунлик қилиб, учта гол урганимиздан сўнг иккинчи таймда аксарият футболчиларни кейинги ўйинга олиб қолишга қарор қилдим. Аммо ўйинимиз 1-таймдагидек чиқмади, захирамиз ўйинни кучайтирди, дейиш қийин. Шунга қарамай, самарқандлик мухлисларга раҳмат – 90 дақиқа давомида жамоани қўллаб-қувватлаб, олға бошлашди. Йирик ҳисобда ҳам ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Умуман олганда, жамоа ёмон ҳаракатланмади.

Марчук охирги 5та ўйинда 5та гол уриб, 4та узатмани амалга оширди? Ҳа, унинг ҳаракатлари ва сермаҳсуллигидан хурсандмиз. Украиналик футболчимиз ҳали 23 ёшда, у янада ўсишда давом этади. Олег майдонда катта ҳажмдаги ишни бажаради, шерикларига ёрдам беради, умуман интизомга ҳам жиддий эътибор қаратадиган футболчи. Олегдан умидимиз катта, у «Динамо» учун муҳим ўйинчи.

Про лига кейинги турида «Нефтчи» билан баҳс кутиб тургани учун ҳам танаффусдан кейин аксарият ўйинчиларга дам бердик. Фарғона вилояти вакили Про лига фаворити саналади, Суперлига учун асосий даъвогар бўлиб турибди. Жамоамизда кайфият аъло, машғулотларда янада яхшироқ ишлашда давом этамиз. «Нефтчи» билан баҳсда икки томонга ҳам осон бўлмайди, - деди Ҳаким Фузайлов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!