"Ўйин охирида ҳисобни қисқартирдик, аммо бунга 3 очко берилмайди" - Миржалол Қосимов АГМКнинг мағлубиятига қандай изоҳ берди?

Бугун Суперлиганинг 9-турида “Машъал” жамоаси ўз уйида АГМКни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, муҳим очколарни қўлга киритди. Учрашувдан кейин АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов жамоасининг мағлубияти сабаблари ҳақида гапирди.

- Ўйиндан қандай таассурот олдингиз?

- Қанақа таассурот бўлиши мумкин? “Бунёдкор”дан олдин ҳам хавотирга солаётганди. Яъни, 45 кун ичида 12 та ўйин ўйнаш жуда ҳам оғир. Бу ҳақида “Бунёдкор” билан учрашувдан кейин ҳам айтиб ўтгандим. Узоқ йўл, масофа...хоҳлаймизми-йўқми, инсоннинг организми резинка эмас. Қолаверса, “Бунёдкор”га қарши учрашувнинг биринчи бўлимида бир киши кам бўлиб қолганимиздан кейин кўп куч йўқотгандик. Шунинг учун барибир бизда хавотир бор эди. Бу эса ўз таъсирини кўрсатди. Ўйин 17:30 да бошланди, бу иккала жамоага ҳам қийинчилик туғдирди. Бу баҳона эмас, баҳоналарни ёмон кўраман. Аммо бу ҳам таъсирини ўтказди. Икки хил тайм гувоҳи бўлдик. Биринчи голда “Машъал” ўйинчисининг маҳорати иш берди. Ботирали ҳам ҳеч нарса қила олмади. Чиройли гол урди. Голдан кейин кўплаб шошқалоқликларга йўл қўйдик. Қарши ҳужумда иккинчи голни ўтказиб юбордик. Шунга қарамасдан иккинчи таймда фаолликни оширдик ва гол ҳам урдик. Балки ВАР бўлганда бошқача бўлармиди?! Бизга тезроқ гол керак эди. Афсуски, ўйин охирида ҳисобни қисқартирдик. Аммо бунга уч очко берилмайди. Футболда ғалаба билан мағлубият ёнма-ён юради. Нима бўлганда ҳам “Машъал”ни ғалаба билан табриклайман. Энди миллий терма жамоамиз сабабли чемпионатда танаффус. Ўйлайманки, бу бизга асқотади. Фурсатдан фойдаланиб, терма жамоамизга Саудияда бўладиган ўйинларда омад тилаб қоламиз.

- Бутун ўйинни тик туриб, асабий ҳолда кузатдингиз. Жамоангизни бугун “Машъал”ни мағлуб этишига ишонгандингизми ёки шогирдларингиз кўрсатмаларингизни охиригача бажара олмадиларми?

- Ўз олдига юқори мақсадларни қўйган жамоа ҳар бир ўйинда майдонга тушганида очко йўқотмаслиги керак. Қолаверса, биз мухлислар учун ҳаракат қиламиз, буни футболчилардан талаб ҳам қиламан. Узоқ йўл босиб келган бир дона мухлис бўлса ҳам унинг учун ҳаракат қиламиз. Ўзи башорат қилишни ёқтирмайман. Бугун шунақа экан, ютқазиб қўйдик. Бундан хулоса қиламиз. Чемпионатдаги танаффус бизга асқотиши керак. Юқорида айтдим, футболда организмни алдаб бўлмайди. Қувонарлиси, футболчиларимиз ҳакамнинг охирги хуштагига қадар ҳаракат қилишди. Масалан, биринчи бўлимдан 2:0 ҳисоби билан чиқиб кетдик. Иккинчи бўлимда йигитлар ўйинни ташлаб юборишлари ҳам мумкин эди. Лекин футболчиларимиз охиригача курашди.

- Миржамол Қосимов алмаштирилди ва унинг ҳозирги ҳолати қандай?

- Тўғриси, ҳали билмаймиз, шифокорлар кўригида, вақт кўрсатади. Жароҳат футболчи билан ёнма-ён юради.

- Шохруҳ Гадоевни қайси жиҳатлари учун асосий таркибда бор, деб ҳисоблайсиз?

- Нафақат Гадоев, балки қўл остимда 23 нафар футболчи бор. Ҳеч кимга асосий таркибдан жой кафолатланмаган. Ким тайёр бўлса, ўша ўйнайди. Футболчи майдонга тушганда аввало клуб ва ғалаба учун борини бериши керак.

- Фортеснинг ўйини чиқмаганлиги чарчоқ билан боғлиқми ёки бошқа сабаби борми?

- Мен таркибда кўп ротация қиламан. Ҳар бир ўйинчига имконият бераман. Ҳар доим балансни ушлашга ҳаракат қиламиз.

- “Насаф” ОФК Кубогида қатнашяпти. Бу жамоанинг эртанги баҳси қандай ўтади деб ўйлайсиз?

- Ўйинларини кўрганим йўқ. Албатта, иккита ғалабага эришди. Охирги ўйинда ҳам ғалаба учун курашади ва ўйлайманки, гуруҳда биринчи ўринни ўзиники қилиши шубҳасиз. “Насаф”га омад тилаб қоламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
19/05/2021 21:57
Nasafka qarshi uynap kurgansizku Nasaf qanaqa kuchga ega ekanligini bilasizku. shunga qarab fikr bering. buldi. AGMK qanaqasiga charchaydi. 23 Asosiy tortadigan uyinchisi bulsa.