Ўйин қаҳрамонига айланган Қаҳрамонов ёхуд голини кимга бағишлади? 2-ўринни эгаллаган "Сўғдиёна"га қандай бонус берилади?
Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби бу йилги мавсумни кутилганидан яхшироқ натижа билан якунлашга муваффақ бўлди. Айниқса, ҳаммаси охирги турда ва сўнгги сонияларда ҳал этилгани эса медаллар учун курашдаги интригани сақлаб турди.
Жиззахликлар Олмалиқда АГМКга қарши баҳсда олтинга тенг ғалабага эришди. Мезбонлар ҳам иккинчи ўрин учун курашаётганди. Бироқ “Сўғдиёна”га омад кулиб боқди.
Охирги дақиқада ҳакам томонидан белгиланган пенальтини Жавоҳир Қаҳрамонов голга айлантириб, жамоасининг ғалабасини таъминлади ва шу тариқа “Сўғдиёна” клуби 29 йилдан кейин иккинчи бор кумуш медалга сазовор бўлди.
“Сўғдиёна”нинг АГМКга қарши унутилмас ўйинидан кейин қаҳрамонга айланган Қаҳрамонов Sports.uz сайтига ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
- “Сўғдиёна” учун тарихий ўйин бўлди. Учрашув битта голгача кечиши тахмин қилинганди ва шундай ҳам бўлди. Баҳс борасида нималарни айта оласиз?
- Бу учрашувга яхши тайёргарлик кўргандик. АГМКни ҳам яхши жамоа эканини билардик. Фақат уч кун олдин улар Кубок ярим финалида ўйнагани учун чарчашганини ҳам сезиб тургандик. 60-70-дақиқадан кейин гол уриш режамизда бор эди. Ўз мақсадимизга эришдик. Албатта, омадга ҳам боғлиқ. АГМК ҳам шунча имкониятлардан фойдалана олмади. Худога шукр, биз охирида гол урдик.
- Учрашувдан аввал Улуғбек Бақоевнинг сизларга берган кўрсатмаси қандай бўлганди? Ғалаба яққол омад туфайли қўлга киритилдими ёки...
- Омадга ҳам боғлиқ бўлганини боя айтдим. Албатта, мураббий ҳам бизни бу ўйинга яхши тайёрлай олди. Сабр қилинглар, чиданглар, охиригача курашинглар, Худо хоҳласа гол урамиз, деб бизни ишонтирди ва руҳимизни кўтарди. Ҳаммаси меҳнатимиз туфайли бўлди.
- Ҳал қилувчи вазиятда пенальтидан гол урдингиз. 11 метрлик жарима зарбасини бажаришдан аввал сизда босим каттамиди? Агар гол ура олмасангиз “Сўғдиёна” иккинчи ўриндан қуруқ қоларди. Аслида ҳам пенальтини ўзингиз бажаришингиз олдиндан маълум эдими?
- Бугун қизимни туғилган куни эди. Майдонга гол ураман деб тушгандим. Пенальтига келадиган бўлсак, менда ишонч пайдо бўлди. Мураббийга мен тепаман деб айтдим. Устозимиз, “бўлди, ишонсанг ўзинг тепавер” деди. Урган голимни қизимни туғилган кунига бағишлайман.
- “Сўғдиёна” охирги турдагина иккинчи ўринни нақд қилди. Айтинг-чи, кумуш медал учун раҳбарият тарафидан сизларга қандай бонуслар ваъда қилинган?
- Бонусга келадиган бўлсак, хўжайин бонус бор деб айтган. Менимча, янги йилдан аввал банкет бўлади. Ўшанда қанақа бонуслигини биламиз. Ҳозирча билмаймиз.
- Мавсум бошида “Сўғдиёна”нинг якунда иккинчи ўринни эгаллашига қай тариқа ишонгандинглар? Ўзи клуб олдига қўйилган вазифа қандай эди?
- Мавсум бошида кучли учталикка кириш вазифаси қўйилганди. Эътибор қилган бўлсангиз, формамизни орқасида ҳам медалларни расми бор. Кучли учталикка киришни ният қилгандик. Худога шукр, биз иккинчи ўринни олдик.
- Чемпионат тугади, шартомангиз ҳам охирлаб қоляпти. Кейинги режангиз қандай? “Сўғдиёна”да қолмоқчимисиз ёки муҳитни ўзгартирасизми?
- Буни ҳали ўйлаб кўрганим йўқ. Мана, мавсумни тугатиб олдик. Энди оилам билан дам оламан. Янги йилдан кейин ҳал қиламан. Ҳозирча барчаси 50х50.
- “Сўғдиёна”да Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш имконияти пайдо бўлди. Бу сиз учун ҳам орзу эди ва бунга яқин турибсиз...
- Ҳа, тўғри. Бу ҳамманинг орзуси бўлса керак. Агар клубда қолсак, нуфузли мусобақада ҳам муносиб қатнашишга ва гуруҳ босқичига чиқишга ҳаракат қиламиз. Ҳаммаси Худодан.
Фикрлар