"Ўйинчимизда тажриба бўлганида бундай ҳаракат қилмасди" - Тачмурод Агамуродов футболчиларининг четлатилаётгани ва мағлубият ҳақида

“Қизилқум” жамоаси бу сафар ҳам мағлубиятга учради. Фарғонада “Андижон”га қарши ўйинда навоийликлар ўз дарвозасидан иккита гол ўтказиб юбордилар.

Яқинда бош мураббий этиб тайинланган Тачмурод Агамуродовга ҳам осон эмас. У қийин вазиятдаги жамоани қабул қилиб олди ва ижобий томонга ўзгартириш қийин кечмоқда.

“Андижон”га қарши беллашувдан сўнг Агамуродов мағлубият сабаблари ҳақида гапирди.

- Тачмурод Шамакович, учрашув ҳақида фикрингизни билмоқчимиз.

- Жамоамиз ҳозир қийин ҳолатдалигини яхши биламиз. Учрашувдан олдин қаердадир ҳавотирлар бор эди. Шулар ҳам сабаб бўлди, деб ўйлайман. Умуман олганда, жамоамиздаги йигитлар ёмон ўйин кўрсатишмади. Ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам яхши ўйнашди, деб ўйлайман. Футболчилар қўлларидан келганича ҳаракат қилдилар. Битта хато туфайли стандарт вазият бўлди ва бу бизни қийин ҳолатга солиб қўйди. Иккинчи голда ҳам футболчимиз қўпол хатога йўл қўйди ва дарвозамиздан гол ўтказиб юбордик. “Андижон” жамоасини яхши ўрганиб чиққандик. Рақибни стандарт ва аутлардан яхши фойдаланишини ва голлар ура олиши мумкинлигини билгандик. Биз шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Афсуски, барибир “Андижон” мана шундай вазиятлардан унумли фойдаланиб кетди. “Андижон” қўлидан келган барча ишни қилди. Яхши ўйнади ва ғалаба қозонди. Пенальти бўлган вазиятда бизнинг ўйинчимиз жарима майдони ичида бундай ҳаракат қилмаслиги керак эди. Биз ҳам ёмон ўйнамадик. Қайд этилган ҳисоб учрашувга мос бўлди, деб ўйламайман. Йигитларимиз яхши ҳаракат қилиб, гол ҳам уришганди. Лекин бу офсайд деб топилди.

Агамуродов2

- Иккинчи бўлимда Ойбек Нурматов захирадан майдонга тушганди ва тез орада уни яна алмаштирдингиз. Нима учун?

- Ойбек Нурматовни чап томонда яхши ўйнай олиши учун майдонга туширгандик. Дарвозамиздан тўп ўтказиб юборганимиздан сўнг менга бош билан яхши ўйнай оладиган футболчи керак эди. Шу сабабли уни алмаштирдим. Қолган футболчиларни ҳам алмаштирсам бўларди. Лекин қолганлар яхши ўйнаётганди. Юқорида айтганимдек, бош билан яхшироқ ўйнай оладиган ўйинчи зарур бўлгани сабабли Нурматовни алмаштирдим ва бошқаларга тегмасликка ҳаракат қилдим. Мен уни ёмон ўйнаётгани учун захирага олганим йўқ.

- Адашмасам, ҳар бир ўйинда “Қизилқум” футболчилари қизил карточка туфайли майдондан четлатиляпти. Нима бўляпти, ўзи? Жамоада тартиб-интизом масаласи оқсаяптими?

- Ҳа, тушуниб турибман. Ўйинларда футболчиларга маҳорат етишмаяпти. Тез-тез қоида бузарликлар бўляпти. Четлатишларнинг асосий сабаби тажриба камлигидан бўляпти. Бу йил жарималаримиз кўпайиб кетяпти. Футболчилар ҳаттоки бир-бирига тегиб кетишидан ҳам чўчияптилар. Машғулот жараёнлари ва назарий билимларда ҳакам билан гап тортишмаслик, рақиб билан қўпол муомалада бўлмаслик ва доим эҳтиёт бўлиши зарурлиги ҳақида гапиряпмиз. Барибир якунда сариқ ёки қизил карточкалар олиняпти. Бугун ҳам ўйинчимизда агар тажриба бўлганида ана шундай ҳаракат қилмасди ва четлатилмасди. Аммо зараримизга пенальти белгиланди. Ҳаммага раҳмат, “Андижон”ни ғалаба билан табриклайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!