"Ўйинни телефонимда онлайн кўриб ўтирдим". Лутфулла Тўраев жароҳати, баҳсли пенальти ва асосий мақсад ҳақида гапирди
Фарғонанинг “Нефтчи” клуби чемпионатни ғалаба билан бошлай олди. “Қўқон-1912”га қарши водий дербисида пенальтидан киритилган ягона гол ҳаммасини ҳал қилди.
Таркиби янгиланган “Нефтчи” эса мухлисларини хурсанд қилди. Жамоанинг янги аъзоси ва сардори Лутфулла Тўраев кутилганидек фаоллиги билан ажралиб турди. Бироқ жароҳати сабабли майдонни эрта тарк этди. Учрашувдан кейин Sports.uz мухбири футболчи билан боғланди.
- Аввало, муҳим ғалаба билан табриклайман. Бу ўйин сизнинг “Нефтчи”даги дебютингиз эди. Дастлабки учрашувдан олган таассуротларингиз қандай бўлди?
- Ўйиндан олдин ўйлаб турган нарсам майдонда кўринди. Дерби барибир ўз номи билан дерби. Мухлисларни ҳам алоҳида айтмоқчиман. Стадионга келган ишқибозлар жамоамизни тинимсиз қўллаб туришди. Иккала жамоанинг мухлислари жуда фаол бўлдилар. Стадиондаги муҳит ҳам шунга яраша ажойиб эди. Ўйин ҳам юқори темпда ўтди, деб ўйлайман. Жуда қизиқарли бўлди.
- Фикрингизча, ғалаба ниманинг эвазига қўлга киритилди?
- Ҳар иккала жамоа ҳам майдонга фақат ғалаба қозониш учун тушганди. Аммо биз уч очкони қўлга киритишни кўпроқ хоҳладик. Кечаги учрашувда жамоамизда ғалабага бўлган иштиёқ баланд эди.
- Аммо ўйинни тўлиқ ўтказа олмадингиз ва биринчи бўлим охирларида жароҳат туфайли майдонни тарк этдингиз. Ўша вазиятда кайфиятингиз ҳам яхши эмасди. Аслида нима бўлганди? Учрашувгача ҳам жароҳатингиз бормиди?
- Ҳа, ўйингача ҳам белим оғриб турганди, аммо жиддий безовта қилмаётганди. Бироқ ўйин пайтида, биринчи бўлим охирларида белим “ушлаб” қолди ва югуришга имкон бермади. Оғриқ пайдо бўлгани учун чиқиб кетишимга тўғри келди. Умид қиламанки, жароҳат жиддий эмас. Шифокорлар назорат қилишяпти.
- Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Илҳом Мўминжонов сизни кейинги турда майдонга тушишингизни имкони пастроқ, деган маънода гапирди. “Пахтакор”га қарши баҳсда ҳам сизни кўрамизми?
- Ўйнашга ҳаракат қиламан. Ўйлашимча, ўша куни жамоамга ёрдам бериш учун майдонга туша оламан.
- Ўйин тақдирини ҳал қилган пенальти бўйича баҳсли вазиятлар юз беряпти. Бу борада фикрингизни билмоқчиман. Пенальти ростдан бормиди?
- У пайтда белим оғригани учун мен ечиниш хонасида эдим. Ўйинни телефоним орқали онлайн кўриб ўтирдим. Ўша вазиятда бир кўришдаёқ пенальти бор, деб айтдим. Чунки контакт бўлганди.
- Шунингдек, “Нефтчи” устози Илҳом Мўминжонов жамоанинг вазифаси кучли учталикка кириш экани ҳақида айтди. Вазиятга реал қарасак, “Нефтчи” ростдан ҳам бунга қодирми?
- Холис айтадиган бўлсам, “Нефтчи”нинг кучли учталикка кира олишига ишонаман. Негаки, таркибда яхши даражадаги футболчилар танлаб олинган. Шу сабабли, олдимизга қўйилган вазифани бажаришимизга аминман. Бизда иккита тенг кучли таркиб йиғилган. Бутун жамоа бир бўлиб, ўша мақсад учун қаттиқ курашамиз.
- “Нефтчи”ни 2-турда янада оғир ўйин кутяпти. Чунки Тошкентда “Пахтакор”га қарши майдонга тушасизлар. Вазифа жиддий бўлгани учун ҳар бир ўйинни қадри баланд.
- Ҳа, биз Тошкентда ушбу ўйин учун жиддий тайёргарлик кўрамиз. Ҳар бир учрашувга максимал тайёрланамиз. Имкониятни 50х50, демайман. Муҳими, биз ғалаба учун пухта ҳозирлик кўрамиз. Қолгани Худодан. Тўп юмалоқ, майдон текис, биз ғалаба учун курашамиз.
- Ҳозирги кунда энг кучли жамоа “Пахтакор”ми ёки...
- Бу йил чемпионат жуда қизиқ ўтади. Жамоалар кучайган. “Навбаҳор”, АГМК, “Сўғдиёна”, “Насаф”, “Пахтакор”, “Нефтчи”...”Бунёдкор”ни таркиби ёшарган бўлса ҳам осонликча таслим бўлмайди. “Қизилқум” ҳам чакки эмас. Бирорта жамоани ажратиб айта олмайман. Аксарият клублар таркибларини кучайтириб олди.
Фикрлар